Жаҳон | 18:03 / 08.05.2018
9189
4 дақиқада ўқилади

Франция мусулмонлари Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилиш орзусида

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият, таниқли мусулмон уламоларининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Яқинда қабул қилинган «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони, унда қайд этилган Ҳадис илми олий мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Вақф хайрия жамоат фонди фаолиятини ташкил қилиш, Имом Бухорий давлат мукофотини таъсис этиш ҳақидаги ташаббуслар хорижлик диний арбоблар, нуфузли эксперт ва мутахассисларнинг диққатини ўзига тортмоқда.

Ўзбекистонлик шарқшунос ва исломшунос олимлардан иборат делегация 2 май куни Франция мусулмонлар кенгаши фахрий президенти, Париж жоме масжиди имоми Далил Бубакр, муфтий Желлул Бузиди билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида диний соҳадаги ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, мусулмонлар ҳамжамиятига етказадиган фойда ва манфаатлари ҳақида сўз борди. Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ислом дини асосларини ўрганишга қаратилган лойиҳалари бутун мусулмон умматининг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Меҳмонлар масжид фаолияти билан яқиндан танишишди. Таъкидлаш жоизки, 1926 йил Парижнинг Жарден-де-Плант ҳудудида 33 метрлик минорага эга илк жоме масжиди қурилган. Шарқ меъморчилигининг юксак намуналари асосида барпо қилинган мазкур ибодатгоҳ мусулмон маданияти билан танишиш истагидаги минглаб французларнинг ташриф манзилига айланиб улгурган. Айни вақтда масжид Франция мусулмонларининг ҳар иккала жаҳон урушида кўрсатган ватанпарварлиги, фидойилиги ва тенгсиз жасоратининг юксак намунаси сифатида беҳад қадрланади.

Учрашувда Франция мусулмонларининг ҳаёти, ибодатлари, анъана ва маросимлари ҳақида сўз борди. Мусулмон уламолари ислом номидан содир этилаётган турли хунрезликларни қоралаши, бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун, биринчи галда, ёшларнинг маърифатини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш энг муҳим вазифалардан ҳисобланиши таъкидланди. 

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ўзбекистон вакилларининг Париж жоме масжидига ташрифи бизни мамнун этди. Ўзбекистондаги янгиликларни эшитиб жуда ҳам қувондик. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилишини оламшумул аҳамиятга эга ташаббуслар, деб ҳисоблайман. Бу табаррук заминдан минглаб забардаст алломалар етишиб чиққан. Мусулмон дунёси улар билан чексиз фахрланади. Янги марказлар юртингизда кўплаб олиму фузалоларнинг камолга етишига, дунё бўйлаб ислом маърифатининг кенг ёйилишига катта ҳисса қўшади”, - дейди Париж жоме масжиди муфтийси Желлул Бузиди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Франция мусулмонлар кенгаши фахрий президенти Далил Бубакрнинг таъкидлашича, Франция мусулмонларининг Ўзбекистонга қизиқиши, табаррук қадамжоларни бориб кўриш истаги тобора ортиб бормоқда. “Биз Ўзбекистонда маърифий, бағрикенг исломни қўллаб-қувватлаш,  ёшларни энг яхши анъаналар асосида тарбиялашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз Яқин ойларда францияликлар делегациясининг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларга саёҳатини режалаштирганмиз. Француз мусулмонлари учун Имом Бухорий, Имом Термизий мақбаралари, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилиш катта орзу”, - дейди Далил Бубакр. 

Мавзуга оид