Ўйлайманки, Қирғизистон сафарига бориб тўплаган маълумотларим сиз учун қизиқ бўлади. “Ўш сафарини иккинчисини қачон  ўқиймиз?”, - дея савол берган KUN.UZ мухлисларининг сўрови ўзимга ҳам қирғиз қаймоғидек ёққани бор гап.

Ишонинг, ёнимизда жойлашган давлатда икки кун юриш асносида бир жаҳон янгилик кашф қилдим. Мабодо, узоқроқ жойга бориб қолсам - шеърий достон ёзсам керак.

Қўшни мамлакатдаги сафаримиз тўғрисидаги мақоланинг 1- қисмида  чегара постидан ўтиш, Ўш шаҳар мэриясидаги қабул, ҳеч қандай ғоясиз турган Ленин ҳайкали, ўқитувчи ва тиббиётчиларнинг ўртача  маоши, деярли текин интернет ва шаҳар марказида Ўзбекистон томонидан туҳфа сифатида қурилаётган мактаб ҳақида суҳбатлашган эдик.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти аталмиш Ўш шаҳри ва вилояти ҳақидаги иккинчи мақоламиздан ҳам сизга  қизиқ бўлган ҳикоялар ўрин олган.

Мэрия ходимаси: “Қирғиз футболи ўзбек футболидан илгарилаб кетган..”

Ўтган гал айтиб ўтганимиздек, Ўш шаҳар мэрияси бизни шаҳар бўйлаб  ҳаракатланиш учун “Тойота” микроавтобуси билан таъминлади. Матбуот хизмати вакили бўлган икки ходим Жулдуз Аятиллаева ва Замира Ниязбековалар эса шаҳарни таништириш учун KUN.Uzчиларга бириктирилдилар.

Қиз бола бўлишига қарамай Жулдуз футболга жуда қизиқар экан. Йўл-йўлакай шу кунларда Ўшнинг “Алай” жамоаси Осиё кубоги баҳсларида “Истиқлол” клубига қарши учрашув ўтказишини бот-бот эсга соларди.  Янги бунёд этилган футбол академиясига боришни таклиф қилар экан: “Қирғизистон футболи сизларникидан олдинда...” деб ҳам қўйди. Бу ҳақда эса кейинроқ гаплашамиз.

Дарҳақиқат, шаҳар марказида бунёд этилган Момунов номидаги футбол академиясидаги шароитлар ҳавас қиладиган даражада. Бу ерда Қирғизистоннинг жанубий вилоятларидан 400 нафар футболчи бўлишни орзу қиладиган болалар келиб шуғулланишар экан. Академия интернат эмас, шунинг учун ётоқхонаси йўқ. Ўрганувчилар худди биздаги тўгараклармисол маълум кунларда келиб-кетиб шуғулланишади.