“Муаммога осон ечим ҳар доим ҳам тўғри ечим булмаган, унинг тўғри ечими эса ҳар доим ҳам осон бўлавермаган. Энг муҳим қарор: бу шу ҳолатда қайси йўлни танлашдир.”

АКШ президенти Жон Кеннеди бир пайтлар мамлакатда солиқ тизимини ислоҳ қилиш хусусида қуйидаги мулоҳазани билдирган эди: “Бугунги кунда тушуниш қийин бўлган бир ҳақиқат мавжуд: бу солиқ ставкалари юқори бўлишига қарамасдан, солиқ тушумларининг кам эканлигидир. Шундай экан, солиқ тушумларини узоқ муддатда кўпайишини таъминлашнинг энг тўғри йўли бу солиқ ставкаларини қисқартириш. Солиқларни камайтиришдан мақсад - бюджетда камомадни юзага келтириш эмас, аксинча бюджет мувозанатига етакловчи фаровон ва изчил ривожланадиган иқтисодиёт муҳитини шакллантиришдир. Зеро, фақат аҳолини иш билан тўлиқ таъминлаш орқалигина бюджет мувозанатини тиклаш мумкин”.

Фото: Shutterstock

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон солиқ тизимини ислоҳ қилиш борасида ташланган қадамлар замирида ҳам шундай мақсадлар ётган бўлса ажаб эмас. 2018 йил 13 февралида президент Шавкат Мирзиёевнинг фармойиши асосида, мамлакат солиқ қонунчилиги ва амалиётини ўрганиб, уларни тубдан ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифлар киритиш мақсадида махсус комиссия тузилган эди. Жорий йилнинг 27 март куни мазкур комиссия “Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси”ни ишлаб чиқиб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этди. Концепцияда мамлакат солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича жуда илғор таклифлар ўртага ташланган.

Лекин концепцияда мамлакат иқтисодиётининг келажаги ҳисобланган хусусий тадбиркорларни солиққа тортиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича кўзга ташланарли, аниқ таклифларнинг кузатилмагани айрим хусусий тадбиркорларимизни хавотирга солаётган бўлса, бошқаларини хурсанд қилмоқда. Хусусий тадбиркорлар фикрининг бу тарзда иккига бўлинишининг ўзига хос сабаблари мавжуд. Уларни солиққа тортиш бўйича амалдаги қоидаларнинг энг муаммоли томонларидан бири ҳам айнан шунда. Улар икки муаммога сабаб бўлмоқда:

  • Xусусий тадбиркорлик фаолиятини энди бошлаётган ёки уни бошлаб ҳали даромадга кирмаган тадбиркорларимизни қийин аҳволга солиб қўймокда. Бундай тадбиркорлар амалдаги тизимни ислоҳ қилиш тарафдорлари бўлиши табиий.
  • Xусусий тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйиб олган шахслар учун керагидан ортиқ афзаллик бермоқда. Улар амалдаги тартиб шундайлигича қолишидан манфаатдор.

Бунда кимнинг позицияси ҳақиқатга яқин, энг тўғри йўл қайси деган савол туғилади. Қуйида ушбу саволлар ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз. Келинг, таҳлилни тадбиркорлик фаолиятини энди бошлаган жисмоний шахснинг ҳолатидан бошлайлик.