Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилиши мамлакатда ишсизлик кўпайишига сабаб бўладими?
Замонавий технологиялар бир жойда тўхтаб турмайди. У мунтазам такомиллашгани сайин, табиийки, соҳанинг қонунчилик асослари ҳам мустаҳкамланиб бораверади. Давлат раҳбарининг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шундай шиддатли давр талабига ҳамоҳанг равишда ўз вақтида қабул қилинган ҳужжатдир. “Халқ сўзи” мухбири Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров билан мазкур фармоннинг долзарблиги, тармоқда кузатилаётган янгиликлар борасида суҳбат қилди.
— Фармонга кўра, рақамли иқтисодиёт бўйича янги бошқармага асос солинди. Бу мамлакатимизда тадбиркорлик ва умуман, иқтисодиётни ривожлантиришда қандай роль ўйнайди?
— Аввало, шуни айтиш жоизки, рақамли иқтисодиёт, бу — алоҳида фаолият тури эмас. Бу, аслида, ишбилармонлик, саноат объектлари, хизматлар деганидир. “Рақамли” атамаси мазкур соҳаларнинг барчаси ахборот технологияларидан фаол фойдаланишни англатади. Агар оддий иқтисодиётда моддий буюмлар асосий ресурс ҳисобланса, рақамли иқтисодиётда бу қайта ишланадиган ҳамда узатиладиган ахборот, маълумотлар бўлади. Уларнинг таҳлилидан сўнг тўғри бошқариш бўйича ечим ишлаб чиқилади.
Дарвоқе, “рақамли иқтисодиёт” атамаси миллий қонунчилигимизда илк бор қўлланилмоқда. Бироқ дунё тенденцияси шуни кўрсатяптики, барча ривожланган давлатлар уни шакллантиришга аллақачон киришган. Ўзбекистон ҳам мазкур жараёндан четда қолмаслиги керак. Зеро, биз глобаллашув, дунё ҳамжамияти билан интеграцияга киришиш ҳақида гапирарканмиз, бу борада ўзгарган (трансформация қилинган, янгиланган) иқтисодиёт равнақи муҳим саналади.
Яратилган махсус бошқарма иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарига автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш билан шуғулланади. Бу йирик саноат объектлари иш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришда ўсиш, фаолият шаффофлигини таъминлаш, маҳсулот таннархини камайтириш имконини беради.
Агар глобал нуқтаи назардан қаралса, бугун башарият жаҳон иқтисодиёти тармоқлари, инсонлар ҳаёти, турмуш асослари ўзгариши билан боғлиқ қизиқ даврни бошдан кечирмоқда. Бу барча технология, компьютерлар интернет орқали бир-бири билан боғланиб бораётгани ила изоҳланади. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда қарийб беш миллиард қурилма бутунжаҳон “ўргимчак тўри”га уланган. Яқин беш йил ичида уларнинг сони йигирма миллиардга етиши кутилаётир.
Айни пайтда сунъий ақл ва когнитив интеллектуал тизимлар жадал тараққий топяпти. Бунинг натижасида яқин келажакда айрим касблар ўз долзарблигини йўқотади ҳамда вақти келиб, йўқ бўлиб ҳам кетади. Мисол учун, “IoT” автоматлаштирилган тизими аллақачон синовдан ўтказиляпти. Пировардида роботлар автомобиль ҳайдовчилари, учувчилар ва ҳатто, ҳуқуқшуносларнинг ҳам ўрнини эгаллаши мумкин.
— Ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилиши мамлакатда ишсизликнинг кўпайишини англатмайдими?
— Келгусида механик ҳамда жисмоний меҳнат ўрнини робототехника эгаллаши кун сайин ойдинлашиб боряпти. Шунинг учун стратегия ишлаб чиқиш, рақамли кўникмаларни оммавий шакллантиришни таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири саналади. Ёшлар янги касблар, турли технологиялардан фойдаланиш, компьютерлар, интернет, катта миқдордаги рақамли маълумотларга ишлов беришга тайёр туриши керак. Яъни қандайдир жараёнлар автоматлаштирилар экан, одамларни бошқа, янада долзарб интеллектуал касбларга йўналтириш лозим. Агар бу иш қилинмаса, “рақамли узилиш” дея номланувчи ҳолат юзага келади ва у АКТнинг жадал ривожланиши билан ўткирлашиб бораверади.
Қисқача айтганда, бугун рақамли иқтисодиётнинг иккита вазифаси бор: амалдаги жараённи изчил автоматлаштириб бориш ҳамда одамларни ўз фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланишга тайёрлаш.
Мавзуга оид
20:11 / 20.04.2026
Ўзбекистон аҳоли бандлиги бўйича 187 та давлат орасида 114-ўринни эгаллади
15:21 / 23.02.2026
Rockwool: Украинада ишсизлик урушдан олдинги даражага яқинлашди
16:17 / 31.01.2026
Германияда ишсизлар сони уч миллиондан ошди
22:24 / 28.01.2026