Ўзбекистон | 00:49 / 10.05.2018
8921
2 дақиқада ўқилади

Ўқувчиларнинг ўзлаштиришига оид умуммиллий тадқиқот ўтказилмоқда

Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини аниқлаш, уларнинг билимини халқаро талабларга мослигини ўрганиш ва унга етказиш ҳамда халқаро амалиётдаги дастурларга босқичма-босқич интеграциялаш мақсадида умуммиллий тадқиқот ўтказмоқда, деб хабар беради Kun.uz’га Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини белгилаш ва бунда салбий таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш мақсадида UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ўқувчиларнинг муваффақиятли ўзлаштиришига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш” бўйича умуммиллий тадқиқот ўтказмоқда.

Умуммиллий тадқиқот умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг билимини халқаро талабларга етказиш, унга мослигини ўрганиб бориш, халқаро амалиётда фойдаланиб келинаётган PISA (Programme for international Student Assement), TIMSS (Trends in Mathematics and Science Study) каби дастурларга босқичма-босқич интеграциялаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Тадқиқот ишлари жорий йилнинг май ойи давомида республика миқёсида танлаб олинган 255 та мактабда ўтказилиб, унда умумтаълим мактаблари 4-синф ўқувчиларининг математика, ўқиш ва табиатшунослик фанларидан ютуқлари тажриба-синов тариқасида ўрганилади.

Умуммиллий тадқиқот материаллари UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалдаги ДТС ва халқаро тажриба асосида тайёрланган.

Шу йилнинг 10 июнига қадар умуммиллий тадқиқот натижалари таҳлил қилинади ҳамда олинган хулосалар асосида янги ўқув йилидан ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини ошириш ва унга салбий таъcир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид