Соғлом ҳаёт | 11:46 / 12.09.2025
2132
4 дақиқада ўқилади

Дунёда болалар ва ўсмирлар орасида семизлик даражаси биринчи марта кам вазнликдан ошиб кетди – UNICEF

Маълум қилинишича, бутун жаҳон бўйлаб 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар 10 нафар боладан бири, яъни 188 миллион бола ва ўсмир семизликдан азият чекмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида қайта ишланган, калория миқдори юқори ва нархи нисбатан арзон бўлган маҳсулотлар истеъмоли кўпайгани келтирилган.

Фото: AP

БМТ Болалар жамғармаси — UNICEF’нинг янги ҳисоботига кўра, мактаб ёшидаги болалар ва ўсмирлар орасида семизлик даражаси айни вақтда кам вазнликдан устунлик қилмоқда. Таъкидланишича, дунё бўйлаб 188 миллион бола ва ўсмир ушбу муаммога дуч келган.

Тадқиқотчилар 190 дан ортиқ мамлакат маълумотларини ўрганган ҳамда Саҳройи Кабирдан жанубда жойлашган Африка ҳудудлари ва Жанубий Осиё минтақаларидан ташқари барча ҳудудларда ортиқча вазнли болалар сони кам вазнлилардан кўпроқ учраётганини аниқлаган.

Сўнгги 25 йил давомида дунё бўйлаб ортиқча вазнга эга болалар сони 194 миллиондан 391 миллионгача, яъни икки бараварга кўпайган. Шулардан катта қисми семизлар тоифасига киради, дейилади ҳисоботда.

Энг юқори кўрсаткичлар Тинч океанининг айрим оролларида қайд этилган: Нюеда 5–19 ёшдагиларнинг 38 фоизи, Кук оролларида 37 фоизи, Науруда эса 33 фоизи семиз ҳисобланади.

Даромади юқори мамлакатларда ҳам кўрсаткич баланд: масалан, Чилида 5–19 ёшдагиларнинг 27 фоизи, АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликларида эса 21 фоизи семиздир.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, болалар орасида кенг тарқаётган семизлик муаммосига асосий сабаб шакар миқдори юқори бўлган маҳсулотлар, оқсил ва тола етишмайдиган, туз, зарарли ёғ ҳамда қўшимчаларни таркибида сақловчи, ултра-қайта ишланган ва тез тайёр овқатларни кўп истеъмол қилишдир.

Семизлик болаларнинг соғлиги, ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ва тобора ортиб бораётган ҳолат. Ҳозирда ултра-қайта ишланган овқатлар мева, сабзавот, оқсилни рациондан сиқиб чиқармоқда. Бу эса айнан болалар ўсиши, ақлий ривожланиши ва руҳий саломатлиги учун муҳим даврда содир бўляпти,” — дейди UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел ўз баёнотида.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, юқори даромадли мамлакатларда ортиқча вазнли болалар кўпинча кам таъминланган оилаларда учрайди, улар асосан арзон ва зарарли овқатларни истеъмол қилади. Аммо даромади паст мамлакатларда ортиқча вазнли болалар бойроқ оилалардан чиқади, чунки улар калорияси юқори овқатларни сотиб олиш имкониятига эга. Ўрта даромадли давлатларда эса ортиқча вазн барча ижтимоий қатламларда кузатилади, негаки уларда ултра-қайта ишланган овқат ва ичимликлар кенг тарқалган.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2000 йилдан бери 5–19 ёшдаги кам вазнли болалар улуши 13 фоиздан 9,2 фоизгача камайган. Бироқ паст ва ўрта даромадли мамлакатларда 5 ёшгача бўлган болалар орасида тўйиб овқатланмаслик ҳануз “жиддий муаммо” бўлиб қолмоқда. Бу эса боланинг озиб кетиши ёки ўсишдан тўхтаб қолиши каби ҳолатлар билан намоён бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, семизлик — бу инсон организмида ортиқча ёғ тўпланиши бўлиб, соғлиқ учун хавф туғдирадиган ҳолат. UNICEF изоҳига кўра, бола ўз ёши, жинси ва бўйига нисбатан “меъёрдан анча оғирроқ” бўлса, у ортиқча вазнга эга ҳисобланади. Семизлик эса ортиқча вазннинг оғир шакли бўлиб, инсулин қаршилиги, юқори қон босими, 2-тур диабет, юрак-қон томир касалликлари ва саратон хавфини оширади.

Мавзуга оид