Жаҳон | 07:59 / 24.03.2025
3312
2 дақиқада ўқилади

UNICEF: Афғон қизларининг таълимига қўйилган тақиқ фалокатли оқибатларга олиб келади

БМТнинг Болалар жамғармаси — UNICEF Афғонистондаги вақтинчалик ҳукуматни мамлакатдаги қизлар учун таълим тақиқини зудлик билан бекор қилишга чақирди.

Фото: cnn.com

UNICEF ижрочи директори Кэтрин Рассел бу баёнотни Афғонистонда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан эълон қилди. Унинг таъкидлашича, қизлар уч йилдан зиёд вақтдан бери олтинчи синфдан кейин мактабга бора олмаяпти.

«Афғон қизларининг таълим олиш ҳуқуқи бугунги кунда мунтазам равишда бузилмоқда. Уларга дарҳол мактабларга қайтишга рухсат бериш керак. Агар бу иқтидорли ва қобилиятли қизлар таълимдан бенасиб қолаверса, оқибатлар бутун авлодларга таъсир кўрсатади», — деди Рассел.

Унинг фикрича, агар тақиқ 2030 йилгача давом этса, 4 миллиондан зиёд бола таълимсиз қолади ва бу фалокатли оқибатларга олиб келади.

Шунингдек, Рассел тиббиёт соҳасидаги аёллар — шифокор ва акушерлар сони камайиши туфайли аёллар учун муҳим тиббий хизматлар етишмаслигини таъкидлади. Бу эса, унинг ҳисобича, ҳар йили 3,5 минг чақалоқ ва 1,6 минг она ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

«Бу рақамлар ортида фақат статистика эмас, балки йўқотилган инсонлар ҳаёти ва вайрон бўлган оилалар турибди», — дея қўшимча қилди Рассел.

Афғонистонда 2021 йилнинг 15 августда «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг, мамлакатдаги аёллар ва қизлар учун кенг қамровли тақиқлар жорий қилинди.

Бошланишида уларга ўрта ва юқори синфларда ўқиш тақиқланди, 2022 йил декабридан эса университетларга бориш ҳам ман қилинди.

Шунингдек, афғон аёлларига маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотларда ишлаш тақиқланди. Толиблар сартарошхоналар ва гўзаллик салонларини ёпди, аёлларга боғлар, кўнгилочар масканлар, спорт заллари ва филмларда қатнашиш ҳам тақиқланди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид