Жаҳон | 08:12 / 12.05.2018
2557
2 дақиқада ўқилади

Бугун Ироқда парламент сайловлари бўлиб ўтади  

Фото: Ahmad Al-Rubaye / AFP

12 май куни Ироқда мамлакат ИШИД террорчилик гуруҳидан озод қилингандан кейин илк парламент сайловлари бўлиб ўтади. Охирги марта сайловлар 4 йил аввал ўтказилганди. Шундан бир неча ой кейин Ироқнинг 40 фоизга яқин ҳудуди ИШИД томонидан босиб олинганди.

10 май куни муддатдан аввал овоз бериш бўлиб ўтди. Унда ҳарбийлар, полиция, бошқа хавфсизлик кучлари, пешмерга вакиллари иштирок этишган. Шунингдек, овоз беришда Ироқ турмаларидаги маҳбуслар ва шифохоналарда даволанаётганлар ҳам иштирок этишган. 12 май куни эса сайловлар бутун Ироқ бўйлаб ўтади.

Ироқнинг олий мустақил сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Ироқнинг 36 млнлик аҳолисидан 24 млн нафари сайловларда иштирок эта олади. Комиссиянинг маълум қилишича, парламентдаги 329 та ўринга 7 мингдан кўпроқ номзод даъвогарлик қилмоқда.

Сайловларда ғалаба қозонадиган коалиция ҳукуматни шакллантиришига тўғри келади. Ушбу ҳукумат мамлакатни 4 йил давомида бошқаради.

Ироқлик мутахассисларнинг аксарияти парламент сайловларида ғалаба қозонишга “Наср коалицияси” ва “Фатҳ альянси”да имконият кўпроқлигини таъкидлашмоқда. “Наср коалицияси”га Ироқнинг амалдаги бош вазири Ҳайдар ал-Ободий етакчилик қилади.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид