Исроил марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловчиларнинг 77,7 фоизи овоз берган, бу 1999 йилдан бери энг юқори кўрсаткич. Яъни овоз бериш ҳуқуқига эга 7,3 миллион кишидан тахминан 5,7 миллиони участкаларга келган. Исроил ОАВларига кўра, араб сайловчилар орасида фаоллик 80 фоизга етган.

Телевизион экзит-полларга таяниб, Reuters'нинг ёзишича, Нетаняҳунинг Ликуд партияси 27 ўрин билан пешқадам, Айзенкотнинг Яшар партияси эса 20-22 ўрин билан ундан кейин турибди. Ҳозир Ликуд Кнессетда 32 ўринга эга. Блоклар деярли тенг: икки канал ҳар икки томонга 51 тадан ўрин берган. Араб партиялари эса рекорд натижа - 18-19 ўрин олиши кутилмоқда.

Расмий саноқ ҳали давом этмоқда. Овозларнинг қарийб учдан бири саналганда Нетаняҳу блоки 59, мухолифат 46, араб партиялари 15 ўрин олаётганди. Бироқ комиссия бу рақамлар ўзгариши мумкинлигини таъкидлаган. Якуний натижалар бир неча кундан кейин маълум бўлади.

Нетаняҳу ва Айзенкот нима деди?

Фото: Reuters

Икки етакчи ҳам натижани ўз фойдасига талқин қилди. Нетаняҳу ғалабани очиқ эълон қилмади, бироқ Ликуд энг йирик партия эканини таъкидлаб, «кучли, ўнг, миллий ҳукумат» тузиш зарурлигини айтди. «Ционизмга қарши араб партияларига таянадиган ҳукумат тузиб, Исроилни хавф остига қўйиш мутлақо мумкин эмас», деди у.

Фото: Reuters

Айзенкот эса халқ ўзгариш учун овоз берганини айтди. «Муваффақиятсизлик коалицияси халқ ишончини йўқотди», деди у. У Нетаняҳуни истеъфога чиқишга чақирди ва натижалар экзит-полга мос келса, ҳукуматни дарҳол алмаштиришга киришишини билдирди.

Ҳукуматни ким тузади?

Энди асосий кураш коалиция музокараларида кечади. Якуний натижалардан сўнг президент Исхак Герцог партия етакчилари билан маслаҳатлашиб, имконияти энг катта номзодга ҳукумат тузишни топширади. Унга 42 кун муддат берилади. Ҳеч ким уддалай олмаса, янги сайлов ўтказилади, бу орада эса Нетаняҳу ҳукумати вақтинча ишлашда давом этади.