Ўзбекистон | 15:00 / 12.05.2018
23474
3 дақиқада ўқилади

Навбаҳор Имомова АҚШ ОАВ тарихида илк бор Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган журналист бўлди

Фото: Америка овози

“Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомова Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу давргача муайян тадбирларни ёритиш учун маълум бир белгиланган муддатли рухсатномалар берилган, бироқ мамлакатда эмин-эркин фаолият юритиш учун ҳали америкалик бирор бир журналист бундай мақомга бугунги кунгача эга бўлмаган эди. 

Навбаҳор Имомова Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қўшқўрғон қишлоғида зиёли оиласида улғайган. «Америка Овози»да 2002 йилдан бери ишлайди. ТВ, радио ва онлайн диктор, продюсер, мухбир ва муҳаррир. «Америка манзаралари» туркумидаги теледастурлар муаллифи. ТВ, радио ва онлайн диктор, продюсер, мухбир ва муҳаррир. 

Журналистик фаолиятини 1996 йилда Ўзбекистон радиосининг «Халқаро ҳаёт» таҳририятида бошлаган. Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллар университети Халқаро журналистика факультетида дарс берган. Оммавий ахборот воситалари бўйича бакалаврликни Ҳиндистоннинг Майсур университетидан, магистрликни эса АҚШнинг Бол Давлат университетидан олган. Шунингдек, Гарвард университетидан Давлат бошқаруви ва лидерлик бўйича магистрлик дипломига эга. 

Навбаҳор Имомова Вашингтонда Марказий Осиё бўйича eтакчи мутахассис. 16 йилдан бери Американинг минтақага нисбатан сиёсати, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ орасидаги муносабатларни ва улар ортидаги омилларни яқиндан ёритиб, таҳлил қилиб келади. Шунингдек, Америкада яшовчи ўзбеклар ва бошқа марказий осиёликлар ҳаёти ҳақида чуқур билимга эга. Диаспора мавзусида Ғарб сиёсий ва илмий доираларида маърузалар ўқийди ва бу борада қатор мақола ва материаллар муаллифи. Навбаҳор Имомова нуфузли олийгоҳларда Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан боғлиқ бошқа мавзуларда сўзлаб танилган. Гарвард Университетида Марказий Осиё клубини бошқарган. 

Навбаҳор Имомова Конгресс аъзолари, Оқ уй, Давлат департаменти, Пентагон ва бошқа вазирликларда юқори лавозимли расмийлар билан мулоқотлар қилиб туради. Вашингтон ва бошқа жойлардаги таҳлил ва тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан таниш. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид