Ўзбекистон | 09:15 / 12.05.2018
47942
2 дақиқада ўқилади

Параддан кейин адашиб Сочига учиб кетган ўзбекистонлик уруш фахрийларига иззат-икром кўрсатилди

Ўзбекистонлик 7 нафар уруш фахрийси Москвадаги ғалаба парадидан кейин даволаниш учун Кисловодскга боришлари керак бўлган, бироқ адашиб Сочигача самолётга чипталар сотиб олишган. Сочи мэрияси уруш фахрийларини меҳмонхонага жойлаштириб, белгиланган жойга етиб олишларида кўмак кўрсатган. Бу ҳақда журналистларга Сочи мэри ўринбосари Эдуард Волков маълум қилди. 

Фото: Сочи маъмурияти матбуот хизмати

“Улар шунчаки адашиб, Сочига чипталар сотиб олишган, ваҳоланки Кисловодскга учишлари керак бўлган. Мэрия томонидан фахрийлар ўзларини узоқ кутилган меҳмонлардек ҳис қилишлари учун барча чоралар кўрилди, улар Сочида жойлаштирилиб, Кисловодскгача етиб олишлари таъминланган”, деб маълум қилди Волков.

Волковнинг айтишича, ўзбекистонлик фахрийлар учун Сочи бўйлаб экскурсиялар ташкил этилган, улар Қора денгиз қуёши, денгиз ҳавосидан баҳра олишга муяссар бўлиб, маҳаллий таомлар билан меҳмон қилинганлар.  

Фото: Сочи маъмурияти матбуот хизмати

“Сочида кўп бўлганман, санаторияларида даволанганман. Ҳозир шаҳар қанчалик ўзгариб, гўзаллашиб кетганини кўрдим. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари номидан меҳмондўстлик, ажойиб қабул, курортингиз учун сизга катта раҳмат”, деб айтган ўзбекистонлик фахрийлардан бири, 93 ёшли Бекқул Ҳамзаев.

Фото: Сочи маъмурияти матбуот хизмати
Фото: Сочи маъмурияти матбуот хизмати

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид