Одатда соғлом одамлар ўзларидаги бебаҳо неъматларга ношукрлик қилишади. Йўқса, жисмонан имконияти чекланганларга бошқача нигоҳ билан қараган бўлишарди. Гап «Kun.uz» сайтида бир йил муқаддам тилга олинган «унутилаётган одамлар» ҳақида. Таҳририятимизга келган бир мурожаат эътиборимизни тортди. Қўнғироқлашдик. Ўша самимий ва чорасиз овоз. Шундан сўнг водийга сафаримиз чоғида Фарғона шаҳрида бўлдик. «Кўзи ожизлар жамияти» Фарғона вилояти бўлими манзили сари йўл олдик. Бизни жамият раиси Баҳодиржон кутиб олди. Бирров Фарғона оқшомида сайр қилдик. Улар билан самимий суҳбатда бўлдик.
Баҳодир Болтабоев: Кўзи ожизлар жамияти Республика миқёсида ташкил этилган кўзи ожизларни кўллаб-қувватлайдиган ягона жамоат бирлашмаси ҳисобланади. Тарихи ҳақида фикр юритсак, мана 86 йилдан бери фаолият кўрсатиб келяпти.
Журналист: Хўш,бу жамият асосан нима вазифа билан шуғулланади?
Баҳодир Болтабоев: Жамиятнинг асосий мақсади - кўзи ожиз ногиронларни жамиятда ягона манфаат йўлида бирлаштириш. Уларнинг орасида уйда қолиб кетган жамият аъзолари, ўқишга кира олмаганлари ва ишга жойлаша олмаганлари бор. Шуларни турли хил кўрик-танловлар ташкил этиш орқали руҳий қўллаб-қувватлашдан иборат.
Журналист: Жамиятнинг қанча аъзоси бор?
Баҳодир Болтабоев: Бизнинг вилоятимизда 7054 нафар кўзи ожиз ногиронлар бор. Жамият шу аъзолар учун семинар-тренинглар ташкил этади. Ҳомийлар топиб, ижтимоий реабилитация воситалари ва «Брайл» (кўзи ожизлар учун махсус алифбо) дафтарлари тарқатилади.
Журналист: Жамият қайси маблағлар орқали ушбу тадбирларни ўтказади? Ҳозирги кунда бу бўйича муаммолар борми?
Баҳодир Болтабоев: Барчаси ҳомийлар орқали ташкил этилади. Муаммолар асосан иш ҳақи тўхтаб қолгани сабабли бўлмоқда. Бюджет ҳисобидан 9та штатга иш ҳақи 26 йил давомида узлуксиз бериб келинар эди. Хайрияни иш ҳақи қилиб ишлатиш ноқулайлик туғдиради, қолаверса, бу пуллар маошларнинг ярмини ҳам қоплай олмайди. Маош тўлаш 2018 йилнинг январь ойидан бери тўхтаб қолди. 2017 йил ҳам тўхтаб қолган эди. «Kun.uz» сайтининг аввалги йили эълон қилган «Унутилаётган одамлар» номли мақоласидан сўнг вазият ўнгланган эди...

















