Янги ўқув йилида Ўзбекистондаги барча мактабларга «локал интернет» ўрнатилиши кутилмоқда
2018/19 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида автоном «ахборот қутиси» пайдо бўлади. Соддароқ қилиб айтганда, мактаблар учун фойдали ресурсларга эга бўлган локал интернет шакллантирилади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқармаси бошлиғи Беҳзод Ҳамзаевга таяниб хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳар битта мактабга QBox қурилмаси ўрнатилиши назарда тутилган, шунингдек, у ахборот билан тўлдирилади. Қурилмага чегараланган майдон радиуси ичида бўлган фойдаланувчилар улана олади.
«300 нафар фойдаланувчи бир вақтнинг ўзида қурилмага уланиш имконияти мавжуд ҳамда 10 терабайт қаттиқ хотирага жойлаштирилган маълумотлардан бемалол фойдаланиши мумкин. Техник жиҳатдан QBox қурилмасидаги ахборотлар ҳар ойда бир марта янгиланади.
Қаттиқ хотирада ўқитувчи ва ўқувчилар учун керакли, энг асосийси фойдали маълумотлар бўлиши таъминланади. Масалан, видео дарсликлар, китоб ва қўлланмаларнинг электрон нусхаси, семинар, тренинг ва дарслар учун кўргазмали қуроллар шулар жумласидан. Қурилмани амалиётга татбиқ этишимиз билан яна бир масалада ишлар енгиллашади: ўқувчи 1 синфдан то 11 синфга қадар китоб қидириб овора бўлмайди. Эндиликда барчаси реал режимда амалга оширилади - ўқувчи китобларни QBox орқали кўчириб олиши мумкин», дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги Давлат ва жамиятга инновацияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Беҳзод Ҳамзаев.
Дастлабки босқичда Сурхондарё вилоятининг 100та мактабида қурилма синовдан ўтказилади. Кейинроқ, қурилма ўзини оқласа, 3 ой ўтиб, Сурхондарё вилоятининг 855та мактабида QBox ўрнатилади. Сўнгги босқичда қурилма республиканинг барча мактабларида ўрнатилиши режалаштирилмоқда.
Маълумот учун,Quantum Box қурилмалари Гонгконгда ишлаб чиқарилади, АҚШнинг Unify компанияси эса қурилма учун махсус дастур тайёрлаган. QBox қурилмаларини фойдаланишга топшириш, платформаларни созлаш ишлари билан Ўзбекистон Ахборот ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги шуғулланади.
Мавзуга оид
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
20:52 / 04.10.2024
Саида Мирзиёева Креатив иқтисодиёт анжумани ҳамкорларига миннатдорлик билдирди
10:30 / 17.09.2024
Илмий ва инновацион фаолият юритувчи юридик шахслар реестри жорий этилади
21:37 / 05.08.2024