Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин янги ҳукумат тузилмаси ҳақидаги фармонни имзолади
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин янги ҳукуматнинг тузилмаси ҳақидаги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда Кремль матбуот хизмати.
Ҳужжат лойиҳасини президентга бош вазир Дмитрий Медведев Сочидаги учрашув чоғида тақдим этган эди.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари жиддий ўзгаришлар назарда тутилмаётганини таъкидлаб, амалдаги тузилма ўзининг лаёқатли эканлигини исботлаб бўлганини айтиб ўтди.
Лекин барибир айрим ўзгаришлар бўлади:
- Таълим ва фан вазирлиги иккита алоҳида вазирликка бўлинади: Маориф вазирлиги ва Фан ва олий таълим вазирлигига. Биринчиси мактаблар ва ўрта махсус таълим билан шуғулланса, иккинчиси илмий муассасаларга оид масалалар ва умуман, мамлакатда илм-фанни ривожлантириш билан шуғулланади. Бундан ташқари, илмий ташкилотлар федерал агентлиги тугатилади;
- Савдо ваколатхоналари Иқтисодий ривожланиш вазирлигидан саноат ва савдо вазирлигига ўтади. Бу саноат корхоналари ва хорижда технологик экспортларни қўллаб-қувватлаш масалаларига диққатни жамлашга хизмат қилади;
- Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги Рақамли ривожланиш вазирлигига айлантирилади. Бош вазирнинг фикрича, бу президентнинг майдаги мурожаатномаси ва янги фармонида қайд этилган рақамли кун тартибини амалга оширишга кўмаклашади;
- Россия ёшлар ишлари бўйича федерал агентлиги ва Россия таълим ва фан соҳасида назоратни йўлга қўйиш хизмати Таълим ва фан вазирлигидан олиниб, ҳукуматга тўғридан-тўғри бўйсундирилади;
- Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — молия вазири лавозими пайдо бўлади;
- Янги вазирлар маҳкамаси ўн нафар бош вазир ўринбосарлари, жумладан, ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосаридан иборат бўлади.
Жума куни Медведев Сочига йўл олади ва президент билан бўлажак вазирлар номзодларини маслаҳатлашади.
«Номлар эълон қилинади, учрашув у қадар узоқ давом этмаса керак, лекин катта ҳажмдаги материал бўлади», — деди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.
Россиянинг аввалги вазирлар маҳкамаси 7 май куни Путиннинг президентлик лавозимига киришганидан сўнг истеъфога кетган эди. Эртаси куни Давлат думаси Медведевни бош вазир лавозимига тасдиқлаган эди.
Мавзуга оид
16:23
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:20
Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулки хатланиши мумкин
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
09:15 / 09.06.2026