Бугун Қуёш ботиши билан курраи заминни барокатларга тўлдириб муборак ой, жумла мусулмонлар интиқиб кутган Рамазони шариф кириб келди. Маълумки, ўзбекистонликлар орасида шу ой бошланиши, кейинчалик Ийд Рамазон байрами куни белгиланиши билан боғлиқ турли фикрлар кўпаяди. Ижтимоий тармоқларда кимдир Саудияда фалон санада бошланди, деса, яна кимдир Ийд куни 1 кунга фарқ қилди, деган сўзларни келтиради. Ачинарлиси, бу ҳар йили Рамазон арафасида авжига чиқади. 

Хўш, умуман янги ой қандай тартибда аниқланади? Уни илмий ва диний ёндашув жиҳатидан қандай изоҳлаш мумкин?

Биз айни савол билан дастлаб Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти бўлим мудири Собит Илёсовга мурожаат қилдик. Илмий мутахассиснинг билдиришича, 2018 йилгача Рамазон ойининг биринчи куни айрим давлатларга қараб белгиланган. 

“Авваллари Рамазон ойини белгилашда қўшни ёки бошқа давлатларга қараларди. Бу йил, биринчи марта Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Астрономия институти билан ҳамкорликда Рамазон ойининг бошланиши илмий асосда белгиланди. Янги ойнинг бошланиши учун даставвал Ойни кўриш керак.  

Ўзбекистонда Ойнинг туғилиши Тошкент вақти билан 15 май соат 15-50га тўғри келди. Ўзбекистон шароитида янги ой туғилганидан сўнг, уни кўриш учун камида 29 соат вақт ўтиши керак бўлади. Мана бугун 29 соатдан кўпроқ вақт ўтди ҳамда Қуёш ботгандан сўнг Ой кўринди. 

Собит Илёсов

Ойнинг кўриниши учун эса, 3 шарт талаб этилади. Булар: ой ёши (бизда 29 соатликдан ошди), Қуёшнинг ботишдаги баландлиги ва Қуёш ҳамда Ойнинг ботиш ва кўринишдаги дақиқалардаги фарқи. Шу 3 шарт бажарилса, янги ой бошланган бўлади. Шунга кўра, Қуёш ботиши билан Рамазон ойи кирди, деб бемалол айта оламиз ва 17 майдан саҳарликка туриш мумкин бўлади”, - деди Собит Илёсов.

Муқаддас Ислом дини шариатида бу масалага қандай изоҳ берилади? Саодаат асрида ҳам шундай ҳолатлар, яъни турли кунларда рўза тутиш ҳолатлари бўлганми?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абул Ҳасан бу каби саволларга ойдинлик киритди.