Олтиариқда тадбиркорлар дўкони огоҳлантиришсиз бузиб ташланди. 

«Kun.uz» таҳририяти аҳоли мурожаатларини ўрганишда давом этади. Сайт почтасига Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги бир гуруҳ тадбиркорларнинг бозор ичи ва ёнидаги дўконлари огоҳлантиришсиз бузиб ташлангани ҳақидаги мурожаати келиб тушди. 

Ижодий гуруҳ мурожаатни ўрганиш мақсадида Олтиариқ туманига отланди.

Дарҳақиқат, Олтиариқ деҳқон бозорига борганимизда дўконлар бузиб ташланган, тартиб йўқ, аҳвол абгор эди. Даставвал бозор айландик. Тадбиркорлардан бозор бузилиши ҳақида сўрадик. Улар шу йилнинг январь ойида рўй берган катта можарони эслашди. Шундан сўнг мурожаат йўллаган тадбиркорлар билан ҳам учрашдик. Улар бўлиб ўтган ишларни батафсил баён қилишди.

Бизга тақдим этилган ушбу видеотасвирлардан бозордаги дўконлар ярим тунда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз дўкон ичидаги моллар билан биргаликда бузилганини кўриш мумкин. 

Ҳолбуки, Олтиариқ деҳқон бозори  яқиндагина қайта реконструкция қилинган, тадбиркорлар мазкур қурилишга катта маблағлар сарфлаган...

Маълум бўлишича, туманнинг собиқ ҳокими Бўтаев 2016 йили ҳокимиятда маблағ йўқлигини важ қилиб, бозордаги тадбиркорларни ўз ҳисобидан дўконларни янгидан қуришга кўндирган ва дўконларга 50 йилгача ҳеч ким тегмаслигини кафолатлаган. Тадбиркорларни ишонтириш учун бир қатор ташкилотлар муҳри босилган лойиҳа ҳужжатлари кўрсатилган. Шундан сўнг, тадбиркорларнинг ҳар бири 70-100 миллион сўм атрофида маблағ сарфлаб, бир йил давомида қурилиш ишлари олиб боришган. 

Лекин улар 2017 йил кузида қурилиш ишларини тугаллаб, савдо қилишга киришмоқчи бўлганларида, ҳокимият вакиллари дўконлар учун кадастр ҳужжатлари қилиб беришмаган.

2018 йилнинг январида, 23 январга ўтар кечаси ярим тунда бульдозер билан дўконларни бузишга киришишган, дўкондорларнинг илтимослари инобатга олинмаган, уларга товон пули тўланмаган.

Мурожаатчиларнинг иддао қилишича, ҳокимиятдагилар дўконларнинг бузилишини бу дўконларнинг ўрни бўшатилиши, бу ер очиқ туриши кераклигини билан изоҳлашган. Уларга бошқа жой бериш ваъда қилинган.

Лекин эндиликда бўшаган жойлар бошқа тадбиркорга янги гипермаркет қуриш учун берилган, жабрланувчилар учун эса бозор ҳудудидан ташқаридан жой беришмоқчи.