Сурхондарё вилояти ҳокими Австрия йирик компания раҳбарлари билан келишувга эришди
Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация Австриядаги қатор йирик саноат корхоналари раҳбарлари билан учрашиб, 50 миллион долларга тенг ўзаро манфаатли келишувларни имзолашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда ҳокимлик Матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилган.
Дастлаб, делегация аъзолари “Lemberona GmbH” мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш компаниясининг бош директори Жозеф Бертагнол билан учрашди. Самимий мулоқот давомида ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Бу борада ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, бу маҳсулотларни экспортга йўналтириш юзасидан фикр мулоҳазалар билдирилди.
Сўнг, вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация “Klinger” компаниясида ҳам бўлиб, бош менежер Гуюнтер Якобартол билан учрашди. Ўзбекистонлик меҳмонлар мазкур компаниянинг ихтисослаштирилган қорамолчилик фермаси ҳамда унинг карантин маркази ва озиқ-овқат базасини кўздан кечиришди.
“Oberhofer Stalbau GmbH” Австриядаги йирик қурилиш компанияларидан бири саналади. Мазкур қурилиш концернида бўлган делегация аъзолари унинг Президенти Александр Оберхофер билан учрашди. Мулоқотда саноат корхоналари, фабрика ва заводлар, йирик бино ва иншоотлар, йўл ва кўприк қурилиши лойиҳалари, ишлаб чиқарилаётган қурилиш маҳсулотлари ҳажми борасида батафсил маълумотлар берилди.
Шундай қилиб, Австрияда бўлган учрашувлар давомида йирик саноат корхоналари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди, ва дастлабки кунда 50 миллион АҚШ долларлик икки томонлама манфаатли келишувларга эришилди.
Сурхондарё вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Венгрия ва Словакия давлатларида ҳам бўлиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
10:50 / 30.09.2024
Австриядаги сайловларда ўнг популистлар ғалаба қозонди
15:40 / 28.09.2024
Ўзбекистон ва Австрия ТИВ ҳамкорлик дастурини имзолади
18:10 / 28.08.2024
Самарқанд вилояти ҳокимига хитойлик маслаҳатчи тайинланди
12:58 / 27.06.2024