Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов Ўзбекистонда нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини бошлаш учун имконият зарурлигини таъкидламоқда. У бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.

«​Бу масаланинг муҳимлигини қуйидаги Жаҳон банки маълумотлари асосида тайёрланган графикда кўриш мумкин. 1990 йилга нисбатан деярли барча давлатларда олий таълим билан қамров даражаси ошган, Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич пасайиб, ҳозирги вақтда 9% атрофида ташкил этади, яъни дунёда 117-ўрин. Бу эса Глобал инновацион индексдаги Ўзбекистоннинг ўрнига жуда салбий таъсир қилади.

Бундай ҳолатнинг (асосий) сабаби: аҳоли сони ошиб борган, лекин олий таълимга қабул квоталари ушбу давр давомида деярли ортмаган. Фақат янги очилган чет эл университетлари ҳисобидан қабул сони кўпайган.

Масаланинг муҳимлигини яна қуйидаги омиллар кўрсатади:

  1. Президентимиз томонидан жамиятимиз ривожида хусусий секторга кенг имконият яратиш устувор вазифа қилиб белгиланган экан, хусусий сектор нафақат бошланғич ва мактаб таълимида, балки олий таълимга ҳам кириб келишига имконият яратилиши керак;
  2. Дунёдаги энг юқори рейтингга эга университетлар айнан нодавлат университетларидир. Улар ўзининг обрўсини ошириш учун сифатли битирувчи чиқаришга ҳаракат қилади;
  3. Ўзбекистондаги хорижий университетлар филиалларининг ҳам кўпчилиги нодавлат университетлардир;
  4. Таълим сифатини назорат қилиш бўйича инспекция тузилиши ҳам бу йўналишда ўзига хос қадамдир, яъни «диплом сотиш» билан шуғулланадиган университетлар фаолиятига йўл қўйилмаслигини назорат қила олади;
  5. Нодавлат университетлар кўпайиши билан улар орасидаги рақобат кучайиши натижасида улар таълим сифатига алоҳида эътибор берадиган бўладилар;
  6. Нодавлат университетлари сифатни ошириш учун яхши ўқитувчиларни жалб қилишга ҳаракат қилишади, бу эса уларни маошлари ҳамда шароитларини яхшилашга ва ҳатто чет элда фаолият юритаётган юқори малакали профессорларимизни мамлакатимизга қайтаришга ҳам имконият яратади;
  7. Иш берувчилар ҳам бундан буёғига дипломдан кўра айнан номзоднинг билим ва кўникмаларига кўпроқ эътибор қаратишяпти, шунинг учун хусусий университетларга кирган талабалар ўзларини устида кўпроқ ишлашга ҳаракат қиладилар. Уларни ҳеч ким «мажбурлаб» ўқитиши шарт эмас баъзи давлат университетларидаги каби;