Жамият | 17:00 / 20.05.2018
103354
5 дақиқада ўқилади

Ош емас маошлилар

Меҳнат қилиш инсон турмуш тарзининг ажралмас қисми. Чунки у орқали инсон ижтимоий ҳаётда ҳам моддий, ҳам маънавий даражага эга бўлади. Шунинг учун меҳнат муносабатлари қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган. Меҳнат қадрланиши ва унинг муносиб баҳоланиши шахсни рағбатлантиришга ҳамда жамият фаровонлигига сабаб бўлади. Агар бунинг тескариси бўлса-чи? «KUN.UZ» таҳририятига келиб тушган мактублардан бири ана шу саволни беришга мажбур қилди.

«Ассалому алайкум. Аччиқ хабар бор эди... Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида кўп йиллик иш стажига эга ходимлар жуда ҳам ҳақоратомуз маошлар олишяпти. Масалан, 32 йиллик умрини шу заводга бағишланган, ҳар йили пахта мавсумида Қорақалпоғистонгача бориб, ойлаб оиласидан узоқда, қийин шароитларга кўниб, пахта терган, 4 нафар фарзанди (3 қиз ва 1,5 ёшли ўғли) бор, рафиқаси уйда ўтирадиган, бошқа даромад манбаи йўқ эркакнинг ойлик маоши 450 000 сўм бўлса, назаримда бу ноинсофлик ва адолатсизлик!

Шу масалада заводнинг фаолиятига эътибор қаратиб, бу масалага адолатли ечим топишга ёрдам зарур. Биргаликда курашайлик. Қачонгача бунақа ҳолатлар давом этаверади?».

Ҳақли савол, қачонгача?

Ўтган сафар ҳам худди шу мазмундаги мурожаат йўлланган ва биз уни бир мақоланинг остида илова тарзида эълон қилган эдик. Мана, ўша мурожаат:

«Шифокор бўлганингизда билар эдингиз. Ойликлар қанчалигини ҳам ёзмабсизда. Энг кўпи билан 2 млн сўм. Тўғри, коррупцияга қарши курашиш керак, лекин шифокор ҳам одам, унинг ҳам оиласи, фарзандлари бор. Шифокор ҳам жойи келса бировга иши тушиб боради ва, албатта, уларга «сиз шифокор, халққа хизмат қиласиз, келинг, бизнинг хизматларимиз ҳам сизга бепул», деб хизмат қилишмайди. Олган ойлигидан светга тўласинми, газгами, солиққами, боласининг тушлигигами, рўзғорнинг кам-кўстигами, бориб келиши учун йўл ҳақигами. Баъзи шифокорлар пулга жуда ўч бўлади, буни жуда яхши биламан, лекин шифокорларга ёпишиб олиш тўғри иш эмас. Шифокорга бир кунда қанчалаб бемор келади, болаларнинг барчаси йиғлайди, бирови гапни тушунади, бирови тушунмайди. Бирови хушмуомала ва сизга ўхшаб ийманиб туради, қолганлари эса бетгачопар, ҳар нарсада нимага бепул эмас, нима учун пул оласиз, деб асабга тегади. Бундай муомаладан кейин шифокорнинг асаби бузилмасдан эйфорияда бўлсинми? Қани, ота-онаси, яқинлари шифокор бўлганлар бу гапларни инкор эта олармикин? Кейинги сафар шифокорга боришда шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакмикан...».

Ёзувчи В. А. Сухомлинскийнинг шундай гапи бор: «Ўз қадр-қимматини билмасдан туриб, маънавий бойликка етишишни тасаввур қилиш қийин». Бугун биз миллат сифатида ўз қадр-қимматимизни билмасак, эски хаёллар, ўзибўларчилик кайфиятида юрсак бизга зарур бойликка эриша олмаймиз. Яъни, инсоннинг жамиятдаги қадрига.

Қора ва оғир меҳнат қилиб, оиласидан узоқда ишлаб, 500 минг сўмга яқин маош ололмаётган, 11 йилга яқин тиббиёт соҳасида таълим олиб, унинг ҳузурини кўролмаётган шахснинг жамиятдаги қадри сизнингча қандай? Ҳали бир «оклад» маош олиб ишлаётганлар, гонорар эвазига кун кўраётган ижодкорлар, қўлидаги гулдек ҳунари қадрланмай, чет эллик қўлида қулдек ишлаётган юртдошларимиз қанчадан-қанча. Тўғри, биз бугун янгиланаётган мамлакатда яшаяпмиз. Буни олиб борилаётган ислоҳотлардан, ўзгаришлардан кўриш мумкин. Масалан, жорий йилнинг январь ойида оммавий ахборот воситалари орқали берилган хабарларга кўра, 2018 йилдан бошлаб, ойлик иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар миқдори ошириб борилади. Ўртача маошлар ҳисоби ҳам кўтарилади. Майли...

Аччиқ ҳақиқат бор: биз бир авлодни бой бердик, қайси маънодаги иккита табақага ажратиб қўйдек. Бири тўғри бўлиб моддий томондан жуда қийналди, бири ўғри бўлиб давру-даврон сурди. Энди, бундан бу ёғига, бундай хатоликка йўл қўйиб бўлмайди. Чунки ортимиздан келаётган авлод тўғриларнинг сабридан ўрнак олиб, ўғриларнинг қилмишидан ибрат олишлари керак бўлади.

Сарвар Анвар ўғли,
журналист

Мавзуга оид