Жаҳон | 17:03 / 21.05.2018
4516
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 71-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессиясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси ЖССТнинг юқори органи ҳисобланади. Ассамблеянинг ҳар йилги сессияси, одатда, Женевада май ойида бўлиб ўтади.   

Анъанага мувофиқ, жорий йилги 71-сессия ҳам Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтмоқда. 21 май куни тадбир расман очилди. Унда ЖССТга аъзо 194та давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича раҳбарлари  қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда. 

Ҳар йили Сессия давомида иштирокчилар ЖССТ фаолиятини кўриб чиқиб, ўз олдига янги мақсад ва вазифалар қўяди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг бу йилги сессиясида соғлиқни сақлаш соҳасига доир мураккаб масалалар ва уларнинг ечимига доир чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларининг саломатликка салбий таъсири ва унга қарши курашиш бўйича йўл харитаси, дори-дармон ва вакцина таъминоти, ноинфекцион касалликлар профилактикаси, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича глобал стратегия масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси 26 майга қадар давом этади. 

Мавзуга оид