00:52 / 24.05.2018
4534

JICA ва Инновация вазирлиги ҳамкорликни йўлга қўймоқда 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион Ривожланиш вазирлигида JICA (Japan International Cooperation Agency – Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва  JICA’нинг Ўзбекистондаги вакили жаноб Мунео Такасака келгуси ҳамкорлик бўйича қатор масалалар борасида музокаралар олиб боришди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов вазирликнинг фаолияти, унинг мақсадлари ва халқаро ҳамкорлик борасидаги эришган ютуқлари ҳақида атрофлича гапириб берди. Жаноб Такасака муҳандислик, кимё, геология, энергетика соҳасида тадқиқот олиб бораётган олимлар ва магистрантларни  тажриба орттириш учун Японияга ўқишга боришларини таъминлашга қаратилган JICA лойиҳасини амалга ошириш ниятида эканликлари ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, япониялик олимларнинг Ўзбекистонга тажриба алмашиш учун келишлари ҳамда ҳамкорликда семинар ва конференциялар ўтказиш лойиҳа доирасига киришини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан Инновацион ривожланиш вазирлиги эндиликда университет ва институтларнинг илмий-тадқиқот ҳамда инновацион фаолиятини бошқариш вазифаси юклатилгани муносабати билан Инновация вазирлиги JICA’нинг мазкур лойиҳаси ижросига ҳамкор ташкилотлардан бири сифатида иштирок этиши мумкинлиги келишиб олинди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув дўстона руҳда ўтди, Инновация вазири ва JICA’нинг Ўзбекистондаги вакили бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорлик олиб боришга келишишди.

Top