KUN.UZ сайти фуқаролардан тушган мурожаатларни ўрганиб, ечимини кутаётган муаммоларни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиб келмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидан тушган мурожаатни ўрганиш асносида туманнинг “Тамаддун” маҳалласи аҳолисини бошқа бир ижтимоий масала қийнаб келаётганини айтишди. Шу маҳаллада яшаб келаётган кекса кишиларнинг таъкидлашларича, туманга 2018 йил март ойининг 15-санасидан бери газ балонлари етказиб берилмаган. Биз маҳалла раиси Мингпўлат Рўзиев билан бирга қариялар сўзларига қулоқ тутдик.

“Март ойини ўрталаридан бери газ келгани йўқ. Навбатимиз келишини кутаяпмиз. Балонлар алмашиб кетиши оқибатида эски балонлар ичидаги суюқликлар тўкилмасдан газ олиб келинмоқда. 6 мингга яқин киши яшайди бу маҳаллада. Ўтин топиб, етказиб бўлмаяпти. Кичик оилаларга бир балон бир ойга етиши мумкин, лекин катта оилаларга, бир ҳовлида 2-3та оила яшаса, газ етмайди, балон бермайди. Уйимиздаги кичик балонни эса олмаяпти. Уларни стандартдан ўтказдик, 12 мингга. 

Мана олдимиздаги боғчада бир неча кундан бери балон бўлмагани сабабли ўчоққа ўт ёқиб болаларга овқат тайёрлаяпти. Бизни маҳалла энг катта бўлиши билан бирга, қариялар, пенсионерлар кўп маҳалла ҳисобланади. Қолаверса, маҳаллада битта дорихона йўқ. Баъзида бизларга шошилинч дори-дармон керак бўлиб қолади, шунда жуда қийналамиз”, - дейишди қариялар.

Абдусалом Турсунов

Биз газ таъминотидаги узилишлар бўйича изоҳ сўраб, Шўрчи туманлараро газ таъминоти участкаси бошлиғи в.б. Абдусалом Турсуновга мурожаат қилдик.

“Биздаги “Тамаддун” маҳалласи газ балон таъминоти бўйича 120 фоиз таъминланган десам, хато қилмайман. Нега, деганда, бир хонадонда 10 кишидан ортиқ одам бўлган оилаларни ҳам хатлов қилиб, балон берганмиз. Қиш мавсумига киритилган 5 ой мобайнида, ҳақиқатдан ҳам бир ойда бир марта газ балон тўлдириб тарқатганмиз.

Аммо, ёз мавсумига келганда, газни сақлаш бироз қийин бўлгани сабабли лимит, айтайлик 600 дан 400-450 га тушади. Шунинг эвазига аҳолини табиий газ билан таъминлашда узилишлар бўлади. Бизнинг бошқа бир муаммомиз, 2та “Исузу” машинасига эҳтиёжимиз бор. Президентнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида бу нарса айтилган. Шу йилнинг август ойигача транспорт воситаси билан таъминлаб беришади. Шундан кейин балонларни аҳолига етказиб беришда муаммо бўлмаслиги керак. Лекин ГМПда газ лимити тугаб қолиши натижасида ишчиларимиз ҳам вақтинча ишсиз қолади. Масалан, апрелнинг 28ида газ тугаган бўлса, 5 майда газ чиқа бошлади, - деди А.Турсунов.