Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 15 ноябрда ўтказилган йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Бухоро вилоятида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар 26 май куни халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси, Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш республика комиссияси раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди. Ўтказилган йиғилишда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш Республика комиссияси II минтақавий гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов иштирок этди.

Таъкидландики, Бухоро вилояти бўйича белгиланган дастурлар ижроси доирасида, 2018 йилнинг 4 ойи давомида 559 нафар профилактик ҳисобда турган, 58 нафар диний-экстремистик оқимга мансуб, 559 нафар жиноят содир қилишга мойил, 150 нафар гиёҳванд ва спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар, 281 нафар нотинч оилалар, 5879 нафар ишсиз фуқаролар, 233 нафар уюшмаган ёшлар, 351 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар рўйхатлари шакллантирилиб, манзилли профилактик тадбирлар ўтказиш, муаммоларнинг аниқ ечимини топиш мақсадида сектор раҳбарлари ҳамда тегишли мутасадди идоралар раҳбарларига мазкур рўйхатлар тақдим этилди.
Аҳоли билан ўтказилган манзилли тушунтириш-тарғибот ишлари давомида 336 та нотинч оилалар яраштирилиб, 149 та низоли оилаларнинг нотинчлигига барҳам берилди. Мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида кўп қаватли уйларнинг 225 тасига видеокамералар ўрнатилди, 935 та объектлар қўриқлаш пультига уланди. Вилоятдаги маҳаллаларда жамоатчилик назоратини тўлиқ ўрнатиш мақсадида 560 та жамоатчилик назорат масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, ҳар куни ўрта ҳисобда 1700 нафардан ортиқ маҳалла ва жамоатчилик вакиллари жалб қилинмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг 4 ойи давомида ушбу масканларга хизматга жалб этилган кўнгиллилар томонидан 14 минг нафар фуқаролар, 4860 тадан ортиқ транспорт воситалари текширилиб, 18 та маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш ҳамда жиноятларга олиб келиши мумкин бўлган 1375 тадан ортиқ қўпол қоидабузарликлар аниқланди, 5 та ўғирлик жиноятлари фош этилди.


















