“Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институтида ҳарбий-профессионал танлашни ўтказиш бўйича низом” лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Низомга кўра, институтга номзодларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тасдиқланган Бутлаш режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг Институтга қабул ўринларини ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан амалга оширилади.
Институт курсантлари контингентини сифатли бутлаш учун ҳарбий-профессионал танлаш ва тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш амалга оширилади.
Институтга ўқишга қабул қилишни сифатли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи билан Институт қабул комиссияси тузилади ва унинг таркиби тасдиқланади.
Қабул комиссиясига Институт бошлиғи раҳбарлик қилади. Қабул комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг тегишли соҳавий хизмат ходимлари киритилади.
Қабул комиссиялари қабул йилининг 1 февраль кунидан 31 август кунига қадар фаолият юритади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Кадрлар бошқармаси томонидан ҳар йили 1 июнга Институтнинг қабул комиссиялари билан келишилган ҳолда ҳарбий профессионал-танлаш тадбирларини ўтказиш муддатлари белгиланган режа-жадвал ишлаб чиқилиб, тегишли орган ва муассасалар билан келишилган ҳолда бутловчи идораларга юборилади.
Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари 25 июнга қадар Институтда ўтказилади.
Ҳарбий-профессионал танлаш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:
ҳужжатларни ўрганиш;
психофизиологик ўрганиш;
тиббий кўрикдан ўтказиш;
ёзма иш (диктант);
компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш;
якка тартибдаги якуний суҳбат.
Ҳарбий профессионал-танлаш тадбирларини ўтказиш давомида номзодлар турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланмайди.














