Аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда давлат монополияси тугатилади

2027 йилда суюлтирилган газ етказиб бериш соҳасини республика бўйлаб хусусий секторга бериш мақсад қилинган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳозир мамлакатда 3 миллион 800 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. Илгари давлат монополиясида бўлган ушбу таъминот тизимига босқичма-босқич бозор механизмлари жорий этилмоқда.

Хусусан, тадбиркорлар иштирокидаги пилот лойиҳа Андижон вилоятида бошланган. Келгуси йилда мазкур амалиётни бутун республика бўйлаб кенгайтириш режалаштирилган. Президент бу жараёнда газ таъминотининг узлуксизлиги, хавфсизлик ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифати энг муҳим мезонлар бўлишини таъкидлади.

Пешлавҳани рекламага тенглаштириш расман тўхтатилди

Тошкент шаҳрида кўплаб тадбиркорларнинг норозилигини уйғотган пешлавҳа муаммоси юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 13 октябрдаги қарорига асосан, бундан буён тадбиркорлик субъекти ўзи эгаллаб турган бино ёки иншоотнинг ташқи томонида (кириш жойида) жойлаштирган номи ва фаолият тури (ихтисослиги) тўғрисидаги ахборот (пешлавҳа) шу жумладан, фирма номи, товар ёки хизмат кўрсатиш белгиси, ташқи реклама объекти ҳисобланмайди ҳамда ушбу ахборот воситаси учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.

Олий таълимда контракт тўлаш муддати 1 ноябргача узайтирилди

2026-2027 ўқув йили учун олий таълим ташкилотларида контракт тўловларини амалга ошириш ва талабаликка қабулни расмийлаштириш муддати 1 ноябрга қадар узайтирилди. Шу санагача базавий контракт йиллик қийматининг камида 25 фоизи, табақалаштирилган контрактнинг эса камида 50 фоизи тўланиши лозим.

Узайтирилган муддат бакалавриат ва магистратурага ўқишга тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган, кўчириб тикланган ҳамда ўқишга қайта тикланган талабаларга тааллуқли.

Ўзбекистонда туғилиш сони кетма-кет икки йил камайди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатда 926,4 мингта туғилиш қайд этилган. 2025 йилда бу кўрсаткич яна 46,8 мингтага, яъни қарийб 5,1 фоизга қисқарган.

Узоқ муддатли маълумотлар туғилиш сони дастлаб камайиб, кейин ўсганини кўрсатади. Жумладан, 1991 йилда 723,4 минг нафар бола туғилган бўлса, 2000 йилда бу кўрсаткич 527,6 минг нафарни ташкил этган. 2015 йилга келиб эса 734,1 минг нафарга етган.

2026 йилнинг январ–июн ойларида эса 373,4 мингта туғилиш қайд этилган. Бу ярим йиллик маълумот бўлгани учун уни аввалги йилларнинг тўлиқ йиллик кўрсаткичлари билан бевосита таққослаб бўлмайди.

Эрта никоҳ учун жарималар оширилди

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 14 октябрь куни имзолаган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (47.3-моддаси) ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, энди никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришиш базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 бараваридан 15 бараваригача — 4,4 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлади. Илгари энг юқори жазо чораси БҲМ 10 бараварини ташкил этар эди.

Шунингдек, вояга етмаган фуқароларни турмушга берганлик ёки уйлантирганлик учун ҳам жарималар ошди. Янги қонун қабул қилингунга қадар айбдорлар БҲМ 15 бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши мумкин эди, энди эса БҲМ 20 бараваридан 25 бараваригача — 8,8 миллион сўмдан 11 миллион сўмгача оралиқда жарима белгиланди.

Ниҳоят, ФҲДЁда тегишли тартибда қайд эттирмай диний маросим (шаръий никоҳ) ўтказганлик, жумладан, 18 ёшга тўлмаган фуқаролар ўртасида шундай никоҳ тузганлик учун БҲМ 30–50 баравари миқдорида — 13,2 миллион сўмдан 22 миллион сўмгача молиявий жазо кўзда тутилган. Илгари бу жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошмас эди.

Тошкентда иссиқ сувдан бадбўй ҳид келаётгани юзасидан текширув бошланди

Veolia Energy Tashkent компаниясига Тошкент шаҳрининг бешта тумани аҳолисидан иссиқ сув сифати юзасидан шикоятлар келиб тушаётгани маълум бўлди.

Компания маълумотига кўра, мазкур туманларга тармоқ суви ташқи етказиб берувчи — «Тошкент иссиқлик электр маркази» АЖ томонидан узатилади. Veolia Energy Tashkent эса иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни турар жой биноларининг ертўла қисмигача етказиб бериш ва тақсимлаш билан шуғулланади.

Мурожаатлардан сўнг компаниянинг аккредитациядан ўтган лабораторияси мутахассислари жойларга чиқиб, сув манбалари ва хонадонлардан намуналар олган. Улар кимёвий-бактериологик ҳамда органолептик таҳлиллардан ўтказилади. Текширув натижалари текширув якунлангач эълон қилинади.