Ўзбекистон | 00:25 / 28.05.2018
28170
3 дақиқада ўқилади

Наманганда анъанавий гул байрами бошланди 

Бугун, 27 май куни Наманган шаҳрида 58-“Гул байрами” тантаналари бошланди. Эътироф этиш жоизки, 1960 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган нафосат ва гўзаллик тантаналарига бу йил тамомила ўзгача шаклда тайёргарлик кўрилди. 

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Гуллар билан безатилган юзга яқин турли русумдаги машиналар Наманган халқаро аэропортидан йўлга чиқди. Ислом Каримов ва Амир Темур кўчалари бўйлаб машиналар паради “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими биносигача барчага хушкайфият бағишлади.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Байрамнинг тантанали очилиши маросимида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, йилдан йилга тобора янги поғонага чиқиб бораётган гул байрами Наманганнинг ўзига хос брендига айланганлигини эътироф этди. Йиғилганлар эътиборига гул байрамининг логотипи намойиш қилиниб, унинг мадҳияси ёш хонандалар ижросида илк маротаба ижро этилди. Наманганлик гулчилар ушбу байрам учун 150дан ортиқ турдаги 2 миллион туп ноёб навли гул кўчатлари парваришлашди. 

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, Наманган шаҳри ва туманлари, Фарғона, Андижон, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳридан келган гулчилар томонидан 3 миллиондан зиёд тувакда парваришланаётган гуллар кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди. 

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Халқаро мақомда ўтказиладиган гул байрамида минглаб ҳамюртларимиз қатори хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этишди. Гул сайлининг илк кунида Туркия, Саудия Арабистони, Бангладеш, Қувайт, Баҳрайн, Қирғизистон, Тожикистон, Россия давлатларидан келган меҳмонларни учратдик. Жумладан, Саудия Арабистони қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси Мадзи Ҳусайн ал Субайхи билан суҳбатимизда таассуротларини шундай изҳор қилди:

– Наманганга биринчи бор келишим, шундай ажойиб байрамда иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман. Дунё гўзалликлари Наманганда жам бўлибди. Дарҳақиқат, давлатингиз – Ўзбекистон гўзал диёр. Бу гўзаллик Наманганда яна бир бор эътироф этилди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, Наманган шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бошланган гул байрами расман бир ҳафтага белгиланган бўлса-да, сайиллар бир ой давом этади.

Оқилхон Дадабоев,
журналист.

Мавзуга оид