08:34 / 31.05.2018
11568

Сингапур авиакомпанияси дунёдаги энг узун авиарейсни яна йўлга қўймоқчи

Фото: Edgar Su/Reuters

Дунёдаги энг узун авиарейс 11 октябрда яна йўлга қўйилмоқчи. Бу ҳақда Airlines Ratings маълум қилди. 

Сингапурдан Нью-Йоркнинг “Ньюарк Либерти” халқаро аэропортига парвозни Singapore Airlines авиакомпанияси янги Airbus A350-900ULR самолётида амалга оширади. Самолёт осмонда 18 соат 45 дақиқа бўлиб, қўнишларсиз 16,7 минг км масофани учиб ўтади. 

Дастлаб парвозлар ҳафтасига 3 марта: душанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Кейинроқ авиакомпания йўналишга яна битта самолётни қўяди ва парвозлар ҳар куни амалга оширилади.

Airbus A350-900ULR самолёти бизнес-синфдаги 67 та ва премиал эконом синфдаги 94 та ўринни ўз ичига олади. Рейсга чипталарни 31 май кунидан бошлаб харид қилиш мумкин бўлади.  

“Сингапур ҳаво йўллари” Сингапур-Нью-Йорк йўналиши бўйича аввалроқ ҳам парвоз амалга оширган, бироқ улар 2013 йилда A340-500s самолёти чиқарилмай қўйилгани сабабли тўхтатиб қўйилганди. Самолёт 15344 км йўлни 18 соатдан бироз кўпроқ вақтда учиб ўтган.

2017 йилда Qantas авиакомпанияси Австралиянинг Перт шаҳридан Лондонга илк қўнишларсиз парвозни амалга оширди: Boeing 787-9 Dreamliner 14,5 минг км масофани 17 соатда учиб ўтган.

Top