Жаҳон | 10:05 / 01.06.2018
3379
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ олий даражадаги саммитида нечта ҳужжат қабул қилиниши маълум

Фото: ТАСС

Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити якунлари бўйича тахминан 20та ҳужжат қабул қилинади. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Рашид Алимов маълумот берди.

"Циндаодаги саммит якунлари бўйича деярли 20та ҳужжатнинг қабул қилиниши кутилмоқда. Улар минтақавий ҳамда халқаро кун тартибининг деярли барча жиҳатларига алоқадор. Терроризмга қарши аёвсиз кураш ва экстремизм билан курашишдан тортиб, савдо, иқтисодиёт, атроф-муҳитни муҳофаза қилишдаги ҳамкорликни кенгайтиришга қадар", - дея маълум қилди Алимов ШҲТнинг биринчи медиасаммити очилишида.

Унинг аниқлик киритишича, Циндао декларацияси якуний, асосий сиёсий ҳужжатга айланади.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари ёшларга махсус мурожаат қабул қилади. У ШҲТ ёш авлоди билан кўпроқ ишлашга туртки беради. Алимовнинг қўшимча қилишича, маданият, илм-фан ва таълим соҳасидаги ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратилади. ЮНЕСКО билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳарбийлари ШҲТнинг «Тинч миссия-2018» машқларида иштирок этиши маълум қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид