Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида таълим муҳитининг ҳозирги ҳолати унинг жамоаси томонидан ижодий фикр юрита оладиган ҳамда бошқарув, муҳандислик-техника, педагогика ва бошқа соҳа йўналишлари лавозимлари иерархиясида мослаша оладиган юқори малакали офицерларни тайёрлаш бўйича вазифаларни ҳал этиш йўллари танланаётгани ва жараёнга янгича ёндашилаётганини кўрсатмоқда.

Етакчи хорижий давлатларнинг офицер кадрларни тайёрлаш, турли кўринишдаги машғулотларнинг якуний натижаларига эришишнинг самарали шакл ва усулларини ўрганиш, шунингдек, конференциялар, илмий-услубий семинарлар ва «давра суҳбатлари»ни ўтказиш бўйича тажрибаларини пухта ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси томонидан Мудофаа вазирлиги ҳарбий кадрлар буюртмачиси, мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари экспертлари ва мутахассислари, профессорлари ҳамда фан докторлари иштирокида Қуролли Кучлар Академиясида таълим стратегиясини аниқлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, янги Давлат таълим стандарти, Қуролли Кучлар Академияси битирувчиларига қўйиладиган малака талаблари, ўқув режалари ҳамда ўқув фанлари дастурлари шулар жумласидандир.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси қошида ташкил этилган Олий ва ўрта махсус ҳарбий таълим муассасалари Илмий-услубий кенгаши доирасида ҳарбий таълим жараёнини такомиллаштириш, мамлакатнинг ҳарбий таълим муассасаларида ўқув-тарбиявий фаолиятни ташкил этишнинг ягона механизмини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар таркиби юкламасини бугунги кун талаб этаётган меъёрга келтириш, шунингдек, барча йўналишлар бўйича ҳарбий  таълим муассасаларининг миллий ҳамда хорижий таълим муассасалари билан ўзаро мустаҳкам алоқа ўрнатишнинг амалий шакл ва усулларини белгилаш масалалари тизимли равишда кўриб чиқилмоқда.

Ўқув аудиторияларининг замонавий мультимедиа ва интерфаол компьютер технологиялари билан тўлиқ жиҳозланганини, таълим олувчиларнинг шахсий компьютер технологиялари билан таъминланганини ҳисобга олган Қуролли Кучлар Академияси жамоаси, биринчи навбатда, таълим олувчи томонидан сифатли билим олишига қаратилган таълимнинг янги шакл ва услубларини ишлаб чиқди.

Офицер кадрларни тайёрлаш жараёнида мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари, хорижий мамлакатларнинг ҳарбий-таълим ва тадқиқот марказлари экспертлари ва мутахассисларини Қуролли Кучлар Академиясида дарс ўтишга жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишда бир қатор Келишув ва Меморандумлар имзоланган бўлиб, биргаликда олиб бориладиган ишларнинг «Йўл хариталари» амалга оширилмоқда.