Куни кеча Наманган вилоят марказидаги “Уч фаввора” хиёбонида 58-анъанавий гул байрами ғолиблари ва фаол иштирокчиларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, сифат жиҳатидан такомиллашиб бораётган асл ва навқирон гул байрами билан йиғилганларни самимий табриклади. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналари борлиги, шу маънода дунёнинг саноқли давлатларида ўтказиладиган гул байрами Наманганда ҳам анъанавий равишда нишонланаётгани, энг аввало, барчага фахр ва ғурур бағишлашини таъкидлади.

Эътироф этиш жоиз, олдинлари гул байрами август ойида, у ҳам бўлса атиги икки кун мобайнида ўтказиларди, байрам қамровидан эса ташкилотчиларнинг кўнгиллари тўлмас эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг ноябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида гул байрамининг шакл-шамойилини тубдан ўзгартириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, айёмни баҳор фаслига кўчириш ва унинг кўламини кенгайтириш таклифини илгари сурган эди.

Қайд этиш жоиз, бу йилги гул байрамига ўтган етти кун мобайнида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Россия, Саудия Арабистони, Бангладеш, Кувайт, Баҳрайн, Корея, Хитой ва бошқа давлатлардан 300дан зиёд турист ташриф буюрди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон халқ артистлари Абдуҳошим Исмоилов, Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Меҳри Абдуллаева, Яҳёбек Мўминов, Самандар Хамроқулов, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари Малика Эгамбердиева, Гуласал Абдуллаева, эстрада хонандалари Отабек Муҳаммадзоҳид, Муниса Ризаева, Қиличбек Мадалиев ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада кўтаринки тароват киритди.


















