Лицензиялар сони анча камайди; айрим ташкилотларга солинадиган солиқлар пасайтирилди; корпоратив ҳайдовчилар хусусий курсларда малака оширишлари мумкин ва 1 июндан амал қила бошлаган яна 6 та янгилик, деб ёзади Norma.
 
Биринчиси. Бизнес соҳасидаги лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари камайди. 7 турдаги лицензия ва 35 та рухсат берувчи ҳужжатлар тўлиқ бекор қилинди. Айримлари – бирлаштирилди, энди бир йўла бир нечта лицензия (рухсатнома) расмийлаштиришга зарурат йўқ – битта ҳужжатнинг ўзи кифоя. 15 турдаги лицензия ва 35 та рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилиб, уларни олиш жараёни жадаллаштирилди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас.
 
Айрим турдаги фаолиятга лицензия бериш функциялари Вазирлар Маҳкамасидан қуйи турувчи идораларга ўтказилди. Баъзи лицензия ва рухсатномаларни республика органлари ўрнига энди уларнинг ҳудудий бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ўрнига – туман (шаҳар) ҳокимликлари беради. Бу ҳам зарур ҳужжатларни олиш жараёнини тезлаштириб, қоғозбозликни камайтиришда ёрдам беради.
 
Айрим лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш жараёни соддалаштирилди. Асосан аризачилардан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилди.
 
Энди бериладиган лицензияларнинг амал қилиш муддати чекланмайди. Қуйидаги ҳуқуқни берадиган лицензиялар бундан мустасно:

• тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини амалга ошириш – 5 йил;
• гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш – 5 йил;
• кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш – 15 йилгача, бироқ камида 5 йил, шунингдек телерадиоэшиттиришларни тарқатиш – 5 йил;
• нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотиш – 5 йил.
 
Иккинчиси. Энди тадбиркорлик субъектлари, илгари мажбурий бўлган экспорт шартномасини тузмасдан ва экспорт учун банк комиссиясини тўламасдан, электрон савдо интернет-майдончалари орқали товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт қилишлари мумкин. Ушбу қоида татбиқ этилмайдиган айрим товарларни Вазирлар Маҳкамаси белгилаши керак. Айни пайтда ҳамма фойдалана оладиган бундай рўйхат йўқ.