Шу йилнинг май ойи бошларида KUN.UZ сайти ходимлари Сурхондарё вилоятида хизмат сафари билан бўлди. Унда ўқувчиларимиз томонидан ёзилган аризалар асосида қатор муаммолар юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Шўрчи туманида фаолият юритаётган тадбиркорлардан бири ҳам мурожаат қилиб, оилавий корхонаси учун туман мутасаддилари томонидан ер ажратилмаётгани, шу сабабли корхона фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, тадбиркор “Тамаддун” маҳалласида фойдаланилмаётган ва ташландиқ ҳолатга келиб қолган ер майдонида темирчилик ва дурадгорлик устахоналари ташкил этишни режалаштираётган бўлса-да, ушбу ер майдони унга берилмаётганини билдирди. Биз муаммо нимадан иборат экани, унга нима учун ер ажратилмаётганини ўрганиш мақсадида Шўрчи туманига ҳам бордик.

“Алпомиш тоза мебеллари” оилавий корхонасини очдим. Мебель ишлаб чиқарардик. Фаолиятимни ижарада туриб амалга оширдим. Ишни бошлаганимда ижара еримни эгаси ўзи фойдаланиши учун сўраб қолди. Ерни қайтариб бердим. Ер йўқлигидан қийналганим учун корхонамни вақтинчалик ёпдим.

Мана бу фойдаланилмай турган ер майдонида эса, ишлаб чиқариш бинолари қурмоқчиман. Пишириқ цехи, пахта титиш цехи олиб келганман. Шу ерда бино қуриб, уларни жойлаштирмоқчиман. Туман архитектураси томонидан менга фойдаланиш учун бериладиган ер майдонининг топосьёмкаси ҳам тақдим этилган. Унда барчаси акс этган”, - дейди Нажмиддин ака.

Биз унинг юқоридаги режаларини амалга оширишда тўсиқ бўлаётган нарса нима эканига қизиқамиз. Унинг айтишича, туман ҳокимлиги бир неча йиллардан буён фойдаланилмай келаётган ерни туман захирасига қайтариб олиш ва мақсадли фойдаланиш учун йўналтириш чораларини кўрмайди. Шунга кўра, ундан ҳеч ким фойдалана олмайди.

“Бугунги кунда мени фаолиятимни тўғри йўлга қўйишда тўсиқ бўлаётган нарса шуки, туман ҳокимлиги 10 йилдан ортиқ вақтдан бери фойдаланилмаётган ерни захирага қайтариб олмаяпти ва менга бермаяпти. Ер майдонидан менга қисман ажратиб бериш бўйича туман ҳокимлиги ҳузуридаги қурилиш учун ер участкалари танлаш ва ажратиб бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссияси далолатномаси ҳам бор. Фақат унга маҳалла раиси Мингпўлат Рўзиев ва туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича муовини Ўткир Мамадалиев имзо чекмаяпти. Улар бу ер бошқа бировга тегишли эканини иддао қилишмоқда. Далолатномага ҳудуднинг бош плани ҳамда топосьёмкаси ҳам илова қилинган.