8 июнь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ)да Марказий Осиёдаги биринчи Сув ресурсларини бошқаришга доир инновациялар ва илмий тадқиқотлар кластери фаолиятига старт берилди. Кластер 2017 йилнинг августида ТИҚХММИ билан имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик ҳамкорлик маркази қўллаб-қувватлаши остида ишга туширилди.
Тадбирни ТИҚХММИ ректори профессор Ўктам Умурзоқов ва МОМЭМ (Марказий Осиё минтақавий экологик маркази) ижрочи директори Искандар Абдуллаевлар очиб беришди. Унда шунингдек Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иномжон Мажидов, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда 5-8 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё Халқаро экологик форуми (МОХЭФ 2018)нинг юздан зиёд делегация раҳбарлари ва меҳмонлари ҳам иштирок этишди.

Мазкур кластер сув сектори мутахассислари салоҳиятини оширишга йўналтирилган мавжуд бошқа дастурлар ва муассасалардан айнан талабалар билан ишлаш механизмини ривожлантиришга йўналтирилгани билан ажралиб туради.

МОМЭМ ижрочи директори Искандар Абдуллаев марказ фаолияти мақсади билан бўлишди:
"Сўнгги 20-25 йилда ривожланиш ва таълимга доир лойиҳалар ташқаридан экспертиза ва илм-фанни жалб қилиш орқали муаммоларни ҳал қилишга қаратилган эди. Кластернинг асосий мақсади - ривожланишга доир лойиҳаларнинг самарадорлиги ва барқарорлигини оширишга кадрлар базасини шакллантиришга туртки бериш. Марказ шу йўналишда таҳсил олувчи талабалар ва ёш мутахассисларни илмий ва лойиҳавий фаолият билан шуғулланишга жалб қилади, жаҳон таълим ресурслари, илғор илмий адабиётлар электрон каталоглари ва маълумотлар базасидан фойдаланиш кўламини кенгайтиради. Бугунга келиб Марказий Осиё мамлакатлари олдида илм-фан ва ишлаб чиқаришда сифат жиҳатидан юқорилаш вазифаси турибди. Бу юқорилаш нафақат иқтисодий самарали, балки экологик барқарор бўлиши керак".
Сув ресурсларини бошқаришга доир инновациялар ва илмий тадқиқотлар кластери билимли ёшларга шароитлар яратиш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида алоқалар ўрнатиш учун ўзига хос платформа сифатида хизмат қилади.




















