Жаҳон | 11:35 / 09.06.2018
45628
2 дақиқада ўқилади

Экология учун энг хавфли шаҳарлар маълум. Тошкент нечанчи ўринда?

Сеул/Фото: Colourbox

Экология учун дунёдаги энг хавфли шаҳарлар маълум қилинди. Аҳоли пунктлари рўйхати Дунёдаги углерод изи хусусиятлари модели лойиҳаси (GGMCF) томонидан тақдим этилган.

Рейтингни тузиш учун норвегиялик, швециялик, америкалик ва япониялик олимлар маълумот йиғиш билан шуғулланди.

Атроф-муҳитни энг ифлослантирувчи шаҳар сифатида Сеул тан олинди. Жанубий Корея пойтахти йилига 276.1 мегатонна карбонат ангидрид гази ишлаб чиқаради. Ундан кейин Гуаньчжоу (272 мегатонна), Нью-Йорк (233,5 мегатонна), Гонконг (208,5 мегатонна) жой олди, “етакчилар” бешлигига эса Лос-Анжелес йилига 196,4 мегатонна карбонат ангидрид гази билан якун ясаб берди.

Шунингдек, илк ўнликдан Шанхай (181 мегатонна), Сингапур (161,1 мегатонна), Чикаго (152,9 мегатонна), Токио ва Йокогама агломерацияси (132,8 мегатонна) ҳамда Ар-Риёд (118,8 мегатонна) жой олди. Дубай эса 110,8 мегатонна билан 11-поғонани эгаллади.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент экологияга энг кўп зарар етказувчи шаҳарлар рўйхатида йилига 7,1 мегатонна карбонат ангидрид гази билан 305-поғонадан жой олди.

Россия пойтахти Москва рўйхатда 15-ўринни (99,5 мегатонна) эгаллаган бўлса, Қозоғистоннинг Олмаотаси 95-поғонадан (25 мегатонна) жой олди. Қозоғистон пойтахти Остона 12,9 мегатонна билан 178-ўринда қайд этилди. 

Туркманистон пойтахти Ашхобод 211-поғонани эгаллади (10,5 мегатонна). Озарбойжоннинг Бокуси 8,7 мегатонна билан 260-ўриндан жой олган бўлса, Қозоғистоннинг Актюбинск шаҳри 421-поғонада қайд этилди (5,3 мегатонна). 

Мавзуга оид