Хитойнинг Цингдао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти саммитида иштирок этиш учун борган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистон раҳбарлари билан учрашди.

Россия
Шавкат Мирзиёев Россия етакчиси Владимир Путин билан суҳбати бошида уни Россия президентлигига қайта сайлангани билан яна бир бор табриклаб, Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас йўналиши эканини таъкидлади.

«Бир йилда ўзаро 70та делегация ташрифи амалга оширилгани, 21 марта ҳудудлараро учрашувлар ўтказилгани алоқаларнинг бугунги суръати ва миқёсидан далолат беради. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан зиёд ўсган. Ҳали олдинда яна йирик лойиҳаларимиз кўп», деди Шавкат Мирзиёев.
Россия президенти давлат раҳбари билан учрашувдан мамнунлигини таъкидлаб, мамлакатлар ҳамкорлигида кўплаб самарали лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди: «Ўтган йили Россияга ташрифингиздан кейин ҳаммаси ижобий томонга ўзгарди. Сизнинг ташаббусингиз билан чегаралардан ўтишда «яшил йўлак» ташкил этилгани натижасида Ўзбекистон мева-сабзавотларини етказиб бериш қарийб 36 фоизга ошди. Россиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда», деди Владимир Путин.
Хитой
Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни Хитойга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан кенг кўламли стратегик шериклик ва кўп форматли ҳамкорликка катта аҳамият қаратишини таъкидлади.
Ўзбекистон билан Хитой муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча муҳим соҳаларни қамраб олган ва изчил ривожланиб бормоқда. 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этган.

Мамлакатда Хитой капитали иштирокида 700дан зиёд корхона, қатор компаниялар ваколатхоналари очилган. Ўзаро ҳамкорликда саноат, юқори технологиялар, нефть-газ, кимё, транспорт ва логистика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.




















