Рамазон ойи – баракали ой. Чунки унда амалга ошириладиган молиявий ибодатлар туфайли эҳтиёжманд кишиларнинг мушкули осон бўлади, хайр-эҳсон қилувчиларнинг молига ҳам барака киради. Бу ойда, асосан, уч турдаги молиявий ибодат амалга оширилади. Булар закот, фидя ва фитрдир. Хўш, улар қайси тоифа одамларга берилади ва қанча миқдорда?  

ЗАКОТ

Фото: muslim.uz

Закот бериш ҳур, ақлирасо, балоғатга етган, мусулмон, нисоб миқдорича маблағга эга, нисобга эга бўлганига бир йил тўлган шахслар зиммасига фарз бўлади.

1) Закотнинг шарти иккитадир: биринчиси закот олувчига закотни мулк қилиб бериш, иккинчиси эса, закотни бериш ёки ажратиш пайтида закот эканлигини ният қилишдир;

2) 85 грамм ва ундан ортиқ тиллоси бор киши закот бериши фарз бўлади;

3) пул ёки тижорат молларининг қиймати нисобга етса закот бериши фарз бўлади;

4) бир кишининг озгина тилло, озгина кумуш, озгина пули бўлса, уларнинг барчаси қўшилганда нисобга етса закот бериш фарз бўлади;

5) ишлаб чиқарувчи корхоналарда икки хил мол бўлади. Биринчиси, хомашёлар. Иккинчиси, тайёр бўлган маҳсулотлар. Закот бериш пайтида иккаласининг қиймати ҳисобга олинади. Лекин, завод, фабрикаларнинг асбоб-ускуналаридан закот берилмайди;

6) закот фарз бўлган вақтда уни адо этмаган бўлса, неча йил ўтса ҳам закоти зиммасидан соқит бўлмайди;

7) ҳозирги солиқларни закот ҳисобласа бўладими, деган савол туғилади. Ислом уламолари солиқлар ҳеч қачон закот ўрнига ўтмаслигини таъкидлашган;

8) яшаб турган уй-жойлари, истеъмолдаги кийимлари, минилиб турадиган улов, озиқ-овқат, пардоз буюмлари (агар тилла, кумушдан ясалмаган бўлса), гавҳар, маржон, ёқут, зумрад (агар сотиш учун сақланмаётган бўлса) касб-ҳунар асбоблари каби нарсалардан закот берилмайди;

9) гаровга қўйган бойлиги, мадомики, гаровга олган киши қўлида экан, ундан закот бериш фарз эмас (Фатовойи Оламгирия);

10) қарзини бўйнига олмай юрган қарздор кейинчалик қарзига иқрор бўлиб адо этса, ҳақдорнинг зиммасига ўтган йиллар учун закот бериш вожиб бўлмайди. (Фатовойи Оламгирия);

11) қарздор киши агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган бўлса, у кишига закот фарз эмас;