Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 12 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳалари даставвал сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, қўмиталар ва улар ҳузурида фаолият кўрсатаётган эксперт гуруҳларининг мажлисларида муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати.

Депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилган «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган мажлис жараёнида муҳокама қилинган ва концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари томонидан жойларда ушбу соҳа мутахассислари, олимлари иштирокида 10 га яқин кенгайтирилган йиғилишлар ташкил этилди. Муҳокамалар якунларига кўра тўпланган барча таклифлар умумлаштирилди ва таҳлил қилиб чиқилди. Шунингдек қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси доирасида Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Умуман олганда, фуқароларнинг 50 дан зиёд таклифлари ўрганилиб, улардан энг долзарблари қонун лойиҳасини маромига етказишда ҳисобга олинди.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, давлатнинг конституциявий тузумини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувликни сақлаш, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш имконини бериши депутатлар томонидан қайд этиб ўтилди.  

«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш давомида таъкидландики, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси депутатлари томонидан хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилди. Чунончи, тадбиркорлар бирлашмаларига мажбурий аъзоликнинг киритилиши бизнес ҳамжамиятини ўзаро уйғунлаштиради ва иқтисодиётнинг умуман ривожланишига ижобий таъсир этади. Қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани бизнес ҳамжамиятини институционал ривожлантириш орқали такомиллаштиришга қаратилган.

Сўнгра депутатлар мамлакатда низоларни мустақил шахслар – медиаторлар иштирокида ҳал этишнинг муқобил усулларини ривожлантириш, судлар зиммасидаги юкни камайтириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган «Медиация тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.