09:10 / 14.06.2018
20098

Нигериялик ўз отасини ҳашаматли йўлтанламасда дафн этди

Азубуике исмли нигериялик отасини тобут ўрнига ҳашаматли йўлтанламасда дафн этди. Бу ҳақда The Daily Mail нашри хабар берди. 

Фото: Jamie Pyatt/News Ltd 

Бойвачча ўғил бу мақсадда 66 минг фунт стерлингга янги BMW сотиб олган. Таъкидланишича, у отаси ҳаётлигида унга тезкор автомобил совға қилишга ваъда берган, бироқ бунга улгурмаган. Шу сабабли у отаси хотирасини шундай ёд этишга қарор қилган. 

Дафн маросимидаги суратлар оммалашиб кетган ва ижтимоий тармоқлар орқали жадал тарқалган: кўплаб фойдаланувчилар бундай ҳолатни биринчи бор кўраётганларини айтишган. Бироқ баъзилар пулларнинг бундай беҳуда сарфланишини танқид қилишган. Уларнинг фикрича, бу пулларни фойдалироқ сарфлаш мумкин эди. “Агар яхши пул топсангиз, ота-онангиз тириклигида уларга машина олиб беринг ва уларни дуруст тобутда дафн қилинг. Бу эса шунчаки мақтанчоқлик”, деб айтган нигериялик фойдаланувчилардан бири. Бошқалар эса Азубуикени “ақлдан озган худбин” деб аташган. 

Шунга ўхшаш воқеа яқинда Хитойда юз берганди. Марҳумнинг яқинлари унинг охирги истагини бажо келтиришга қарор қилиб, унинг жасадини севимли машинаси – кумушранг Hyundai Sonata машинаси ичига жойлаштириб, машинани экскаватор ёрдамида қабрга тушириб, дафн қилишганди.

Top