2018 йил 28-30 июнь кунлари Ўзбекистонда «Ўзбекистон-2035» Форуми ўтказилади. Маълумотларга кўра, бутун дунёдан 50 дан ортиқ экспертлар, - ҳамюртларимиз, - Ўзбекистоннинг 2035 йилгача ривожланиш стратегияси ва концепциясини ҳар томонлама муҳокама қилиш учун тўпланади.

Фото: Getty Images

Ташкилотчи - «Буюк Келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг таъсисчилари ва аъзолари дунёнинг турли нуқталарида яшовчи ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида таниқли мутахассислар даражасига кўтарилган ўзбекистонликлардир.

Тадбирнинг расмий ҳомийси - Шодиев Халқаро фонди.

Расмий маълумотларга кўра, Шодиев Халқаро фонди халқаро нодавлат хайрия ташкилотидир. Жамғарма Шарқий Европа, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги илмий, ижодий ҳамда маданий салоҳиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида фан доктори Фаттоҳ Қаюмович Шодиев томонидан 1996 йилда ташкил этилган.

Ҳозирги кунда Фонд интеллектуал ривожланиш имкониятларини яратишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширади, ҳамда унга муҳтож бўлганларга ёрдам беради. Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари: 

• Стипендия дастурлари
• Хайрия лойиҳалари
• Санъат
• Илмий тадқиқотларга эътибор қаратилган нашриёт фаолияти
• Халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш

2017 йил сентябрь ойида Шодиев Халқаро фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган.

Фото: Getty Images

Қисқача таржимаи ҳол

Фаттоҳ Шодиев 1953 йил 15 апрелда Жиззах вилоятида туғилган, Москва Давлат халқаро муносабатлар институтини (МГИМО) «Халқаро ҳуқуқ» ихтисослиги бўйича тамомлаган. Сиёсий фанлар номзоди, Қозоғистон Республикаси Табиий фанлар академияси аъзоси, Япония тарихи, иқтисодиёти ва сиёсати бўйича 30дан ортиқ илмий ишларнинг муаллифи.

Ф.Шодиев МГИМОни тугатганидан сўнг СССРнинг Япониядаги савдо миссияси маслаҳатчиси (1976-1979 йиллар), СССР Савдо вазирлигида совет-япон иқтисодий муносабатлари бўйича етакчи мутахассис (1979-1989) бўлиб ишлаган.