Мамлакатимизда моддий маданий мерос объектлари, хусусан, табаррук қадамжоларни, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий ва меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Наманган шаҳрида “Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент шаҳрининг ўрни” мавзуида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман ҳам дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган миллий-маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар ва осори-атиқаларни асраб-авайлаш ҳамда уни кенг тадқиқ этишнинг долзаб масалаларига бағишланди.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-қурилиш, муҳандислик-технология институтлари, “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда давлат ва нодавлат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари, юртимиз тарихчи-олимлари билан бирга АҚШ, Хитой, Япония, Италия, Қозоғистон давлатларидан археология соҳаси мутахассислари, талаба ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Конференцияда сўзга чиққан Наманган вилоят ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров, Наманган давлат университети ректори Абдусалом Умаров, Ўзбекистон Фанлар Академияси Археолоя институти Тошкент бўлими раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоев ва бошқалар жадал суратларда ривожланиб жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган юртимизнинг бой тарихи, узоқ ўтмишимиз сир-асрорларидан дарак бериб тургувчи обидаларимиз, археологик ёдгорликлари дунё илм аҳлининг катта қизиқиш ва эътиборига сазовор бўлаётганини таъкидлашди.

Эътироф этиш жоиз, ўзининг икки минг йиллик тарихига эга бўлган Наманган замини туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектларига бой бўлган муқаддас замин сифатида ном қозонган. Бу диёрдаги машҳур Ахсикент, Мунчоқтепа, Айритом, Муғтепа каби меъморий ёдкорликлар ўтмишда ушбу ҳудудда ўзига хос цивилизация ва бой маданият ривожланганидан далолат беради.

















