Эрта тонгдан ишга отланган она бугун негадир қизининг мактабга шошилмаётганидан хавотирланиб қолди. Секингина унинг ёнига бориб:
— Қизим, дарсингга кечикаяпсан, нега тайёргарлик кўрмаяпсан ёки тобинг йўқми?
— Ойи, тобим-ку жойида, лекин ҳар куни синфдошларим олдида изза бўлавериш жонимга тегди. Уялганимдан мактабга боргим йўқ.
— Нима гап ўзи? Бирор ўқув қуролинг йўқми?
— Йўғ-э, ҳамма нарсам етарли-ю, аммо мактабдан "қарз"ларим кўпайиб кетибди. Синф раҳбаримиз ҳар гал ўқувчилар орасида "қарзингни тўлаб қўй, икки ойдан бери пул бермайсан ёки кам таъминланган оилада яшайсанми? Жами қарзинг 60 минг сўм бўлибди, ноинсоф!", деган дағдағалари одамни мактабдан бездириб юборди. Аслида, биз ўқувчилар ҳар ой синф фонди учун 5 минг, "Охрана" ва синфимизга бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш ҳамда синфхоналарнинг "уборка"си учун 5 минг сўмдан пул беришимиз керак. Мен икки ойдан буён "қарз" эканман. Камига, яна 40 минг сўмдан "ремонт" учун пул беришимиз керак экан.
Бу гапларни эшитган она қизининг мактабдан қарздор бўлиб қолганлиги учун уялиб, лом-мим деяолмай қолди. "Қўл синса, енг ичида, бош ёрилса, дўппи тагида", деганларидек, онанинг кўнглидан нималар кечаётгани ёлғиз Худога аён. Начора, кимдандир қарз олиб бўлса-да, икки фарзандининг мактабдаги "қарз"ини тўлаши керак.
Бундай гап-сўзларни кўча-кўйда кўп эшитамиз. Хўш, аслида ҳам, мактабларда ўқувчилар юқоридагидек "хизмат"лар учун пул тўлаши мажбурийми?
Мазкур мавзуда мақола тайёрлаш ва реал ҳолатни ўрганиш мақсадида ижодий гуруҳимиз билан Самарқанд шаҳридаги 63-умумий ўрта таълим мактабига йўл олдик. Ушбу таълим маскани ҳам бошқа мактаблар сингари ҳар хил масалаларда пул йиғиш "операция"сидан мустасно эмас экан. Яъни, таъмирлаш ишлари учун бошланғич синф ўқувчиларидан 30 минг сўм, юқори синф ўқувчиларидан эса 40 минг сўмдан маблағ йиғилар экан. Мактаб ҳовлисига кираверишда сездикки, ҳар бир ўқувчидан ойига 5 минг сўмдан йиғиштириб олинган бўлса-да, на "Охрана" бор, на ҳудуд обод.
Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари Гретта Геворкян ҳамда Нигора Неъматоваларнинг айтишича, мактабда 1 минг 724 нафар ўқувчига 88 нафар ўқитувчи-педагог таълим-тарбия бериб келаётган экан. Мактаб директоридан таълим масканидаги "пул йиғишлар" ҳақидаги ҳолатга изоҳ беришини сўрадик.
— Хабарингиз бор, ўтган йил декабрь ойидан бошлаб халқ таълими тизимида марказлашган бухгалтерия тизими жорий этилди ва бу, ўз навбатида, харажатлар сметаси йил бошида белгиланиб, бюджет ташкилоти мактабларни таъмирлаш учун маблағ ажратиб бера олмаяпти, – дейди 63-умумий ўрта таълим мактаби директори Сурайё Кучкарова. — Вазиятдан келиб чиқиб, ота-оналар билан келишган ҳолда, комиссия тузилиб, мактабда таҳсил олаётган 1 минг 724 нафар ўқувчидан 185 нафари SOS болалар уйи тарбияланувчилари ҳамда 103 нафари шаҳар ҳокимлиги рўйхатида турган кам таъминланган ўқувчилар эканлиги ҳисобга олиниб, қолган ўқувчилардан "ремонт" учун бировидан 15 минг, бировидан 20 минг сўмдан пул маблағлари йиғилмоқда. Сиз айтганингиздек, 40 минг сўм қатъий белгилаб қўйилгани йўқ.















