Ўзбекистон | 11:23 / 22.06.2018
4488
2 дақиқада ўқилади

Олий дипломатия мактаби ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Университетнинг Бошқарув институти ва Дипломатик курслари тугатилди ҳамда уларнинг негизида Университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Олий дипломатия мактаби ташкил этилди.

Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

шартнома асосида қисқа ёки узоқ муддатли ўқув курсларини ўтказиш орқали Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари ходимларини, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб этилган бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат ташкилотлар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

республиканинг ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишга жалб этилган ходимлар халқаро иқтисодиёт ва менежмент, халқаро ҳуқуқ ва ҳуқуқий сиёсат, жаҳон тарихи ва маданияти, шу жумладан, ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар тарихи ва маданияти соҳасида чуқур ва ҳар томонлама билимларга, музокаралар юритиш, ҳар қандай шароитда пухта ўйланган ва прагматик қарорлар қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиши, давлат ва чет тилларини юксак даражада эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

Университетнинг таълим йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича доимий амал қиладиган курсларни ташкил этиш.

Олий мактаб Университетнинг таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида бизнес-маъмуриятчилиги йиллик дастурлари (МВА) доирасида магистрлар тайёрлашни амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Мавзуга оид