Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси Ўзбекистон миқёсида ёнғоқ, бодом ва писта етиштиришда замонавий технологиялар ва навлардан фойдаланиш, лалми ерлардан унумли фойдаланган ҳолда, замонавий ёнғоқ, бодом ва писта плантацияларини барпо қилиш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида 2017 йил 1 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори асосида ташкил этилган.
Ёнғоқ, бодом ва пистанинг серҳосил замонавий плантацияларини ташкил этиш, илмий усулларга асосланган ва сув ресурсларини тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ёнғоқ, бодом ва писта ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш чораларини кенг тарғиб қилиш, маҳсулотларни сотиш бозорларини кенгайтириш мақсадида, маркетинг тадқиқотларини олиб бориш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш уюшманинг асосий вазифаларига киради.

Уюшма, шунингдек, ёнғоқ, бодом ва писта кўчатларини парвариш қилишга жалб этиладиган аъзоларни ҳамда агрономларни агротехник тадбирларни тўғри ўтказиш бўйича ўқитишни ҳам ташкил этади.
Уюшма томонидан ёнғоқчилик соҳасини ривожлантиришни ҳоҳловчиларга ва аъзоларига қуйидаги хизматларни таклиф қилади:
• Агрономлар, фитопатолог, биотехнолог, микробиолог ва бошқа мутахассислар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва маслаҳатлар;
• Кўчат етказиб бериш ҳамда кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган хизматлар;
• Интенсив боғларни лойиҳалаш хизматлари, ёнғоқ, бодом, писта боғлари учун керакли техника ва кўчатларни харид қилиш бўйича тавсиялар ва консултатив хизматлар;
• Ёнғоқчилик бўйича дунё тажрибасидан маълумотларни аъзоларга тақдим этиш, ёнғоқ маҳсулотларини экспорт қилишда кўмаклашиш;
• Уюшма мутахассислари назоратида боғлар яратиш ва парваришлаш.

Уюшма ва унинг мутахассислари томонидан кўрсатилаётган хизматлардан исталган тадбиркорлик субъекти, ассоциация аъзоси бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар бепул равишда фойдаланиши мумкин.
Ҳозирги кунда уюшмага бутун республикадан 80 дан ортиқ ёнғоқ етиштириш соҳасида фаолият олиб бораётган деҳқон ва фермер хўжаликлар аъзо бўлган.

















