Жамият | 15:18 / 09.07.2018
6574
3 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги касб-ҳунарга ўқитиш марказидан навбатдаги касб эгалари учирма бўлишди

Фото: KUN.UZ

Самарқанд шаҳрида жойлашган, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA кўмаги билан барпо этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида иккинчи битирувчиларга диплом топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICAнинг Ўзбекистондаги идораси директори Сонг Сеунг-Ил, Жанубий Кореядан ташриф буюрган кўнгилли ўқитувчилар, Корея таълим ва технология университети профессорлари, Бандлик ва меҳнат муносабати вазирлигининг масъул ходимлари, марказ билан ҳамкорлик қилаётган корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган меҳмонлар ва марказни битираётган талабалар қатнашдилар.

Мазкур касб-ҳунарга ўқитиш марказида электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари йўналишида ҳар йили 240 талаба ўқишга қабул қилиб, 11 ой давомида бепул ўқитилади. Бу йил ўқишга қабул қилинган талабаларнинг 225 нафари уни муваффақиятли тугатишди.

Меҳмонлар талабаларнинг битирув ишида ясаган дастгоҳлари ва кўргазмалари билан танишишди. Таъкидлаш жоизки, нисбатан қисқа вақт — 6 ой назарий ва 5 ой амалий билим олиш мобайнида марказ талабаларининг бу қадар натижаларга эришиши корейс меҳмонларда катта ҳайрат уйғотмасдан қолмади.

Марказда ўзбек ва корейс халқларининг ўхшаш ўйинлари ва мусобақалари намойиш этиб берилди. Корейсча ва ўзбекча ўхшаш таомлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Аввалги йиллардан фарқи — ўқув марказида автомактабнинг очилиши бўлиб ўтди. Энди ўқишга қабул қилинган талабалар шу ердан ҳайдовчилик маҳоратини ўрганиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам олиб чиқиши мумкин.

— Марказимиз учинчи йилдирки маҳоратли касб эгаларини ўқитиб чиқармоқда. Фурсатдан фойдаланиб, бир жиҳатга урғу бермоқчиман: мазкур ўқитиш маркази Ўзбекистон фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш ва давлат намунасидаги диплом бериш билангина шуғулланади. Кўпчилик орасида тарқалган нотўғри фикрга терс ўлароқ, биз Жанубий Кореяга ишга жўнатмаймиз. Албатта биз ўргатган касблар кишига ҳар қандай жойда асқатиши мумкин. Киши қаерда ишлашини ўзи ҳал қилади. Марказимизда корейс, япон, инглиз тилларини ҳам ўқитиш пуллик курслари мавжуд. Лекин биз тайёрлаётган кадрлар асосан, шу ерда Ўзбекистон ичидаги корхоналарда ишлашмоқда, — дейди биз билан суҳбатда касб-ҳунарга ўқитиш маркази директори Исмоил Эргашев.

Тадбир сўнгида марказнинг энг аълочи битирувчиларига дипломларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Йиғилганларга ва меҳмонларга битирувчилар иштирокида концерт дастури ташкиллаштирилди.

Ш.Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид