Ўзбекистон | 01:08 / 11.07.2018
21259
3 дақиқада ўқилади

«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни таъминлайдиган замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни шакллантириш, шунингдек, Бухоро вилоятининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида қабул қилинмоқда.

«Бухоро-агро» ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб этиш, шунингдек, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
  • ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг уруғдан то маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараёнини ташкил этишни рағбатлантириш;
  • кўчатзорлар, шунингдек, бирламчи уруғчиликни ташкил этиш учун шароитлар яратиш орқали иссиқхона хўжаликларини талаби катта, юқори ҳосилдорликка эга бўлган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғ ва кўчатлари билан таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;
  • логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан етиштирилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш;
  • иссиқхона хўжаликларини ташкил этишда замонавий ресурс тежовчи технологияларни, муқобил иссиқлик энергиялардан фойдаланишни кенг жорий этиш;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;
  • иссиқхона хўжаликлари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашда, жумладан, улар томонидан “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида фаолият юритаётган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташда иштирок этиш.

«Бухоро-агро» ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати у ташкил этилган кундан бошлаб, мазкур муддатни кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади.

ЭИЗнинг фаолият кўрсатиши муддати мобайнида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона режимлари амал қилади.

«Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш халқаро молия институтлари, лойиҳа ташаббускорлари маблағлари, жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда лойиҳа ташаббускорининг лойиҳани амалга ошириш учун жалб этилаётган ўз маблағлари миқдори тегишли лойиҳа умумий қийматининг 25 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Мавзуга оид