«Адолат» СДП фракцияси ташаббуси билан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг йиғилишида қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди ҳамда палатанинг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси ушбу қонун лойиҳасига масъул этиб белгиланди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кескин кучайтиришга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаси 29 сентябр куни ўтказиладиган қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
Контекст
Ўзбекистонда болаларга нисбатан содир қилинган зўравонлик учун жазони кучайтиришга чақириқлар Наманган вилоятидаги мудҳиш жиноят ошкор бўлганидан сўнг янграй бошлади.
Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида 23 сентябр куни хабар берилди. Боланинг яқинларига кўра, у боғчанинг 52 ёшли хўжалик ишлари бўлими мудири томонидан бир неча марта зўравонликка учраган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинди.
26 сентябр куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги воқеани ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилгани, дахлдор деб топилган боғча ходимлари билан меҳнат шартномалари бекор этилганини маълум қилди.
Болалар омбудсмани вазирликка тақдимнома киритиб, масъулларнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш, воқеага имкон берган сабабларни бартараф этиш, боғчаларда болалар хавфсизлиги ва ички назорат механизмларини кучайтиришни сўради.














