Жаҳон | 00:05 / 12.07.2018
4393
2 дақиқада ўқилади

Apple’нинг собиқ ходими махфий маълумотларни ўғирлаганликда гумон қилинмоқда

Фото: AP /Andy Wong

Apple компанияси собиқ ходимини ҳайдовчисиз автомобил лойиҳаси ҳақидаги махфий маълумотларни ўғирлашда айблади. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги маълум қилди. 

Маълум қилинишича, хитойлик муҳандис Сяолан Чжан 7 июлда Сан-Хосе халқаро аэропортида Хитойга учиб кетиш вақтида ушланган. У Гуанчжоудаги Xiaopeng Motors компаниясида ишламоқчилигини айтиб, Apple’дан 2018 йил апрелда бўшаб кетган. Компания ходимини тармоқдаги фаоллиги ошгани ва ишдан бўшагандан кейин офисга тез-тез келиб туриши сабабли маълумотларни ўғирлашда гумон қила бошлаган.

Чжан ФҚБ томонидан сўроқ қилинганда ҳайдовчисиз автомобил лойиҳаси маълумотларини рафиқаси ноутбукига кўчириб олганини тан олган. Xiaopeng Motors вакили Чжан Apple’нинг махфий маълумотларини бермагани ва унинг иши АҚШда тергов қилинаётгани маълум бўлиши биланоқ бўшатиб юборилганини маълум қилган.

The Washington Post нашри маълумотларига кўра, эркак айбдор деб топилса, 10 йиллик қамоқ жазоси олиши ва 250 минг долларлик жаримага тортилиши мумкин.

Мавзуга оид