Андижондаги оммавий заҳарланишга сабаб бўлган музқаймоқ сотувчиси жазоланди
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Бўз туман судида судланувчи Жаҳонгирмирзо Бултирбоевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд расмий вакили Азиз Обидов Kun.uz'га маълум қилди.
Бултирбоев шу йилнинг 15 май куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида юз берган 100дан ортиқ кишининг музқаймоқдан оммавий заҳарланганида айбдор, деб топилди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Ж. Бултирбоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4 қисми “б” бандида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топди.
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Бўз туман суди Ж. Бултирбоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, унга 2 йил муддатга синов муддати белгилади.
Эслатиб ўтамиз, беморларнинг барчаси бу ҳолат юзага келишини 14 май куни Шаҳрихон тумани марказида, Амир Темур кўчасида жойлашган «МАКС» кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмол қилиши билан боғлаган.
15 май куни «Овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган беморлар сони 100дан ортиб кетганди.