16 июль куни Финляндия пойтахти Хельсинкида Дональд Трамп 2016 йилда АҚШ президенти этиб сайланганидан буён илк бор тўлиқ шаклдаги Россия-АҚШ саммити бўлиб ўтди.
Бунга қадар Путин ва Трамп икки марта ва фақатгина халқаро тадбирлар «майдонида» – 2017 йил июлда Ҳамбургда «Катта йигирматалик» саммитида ва ўша йил ноябрида Вьетнамда ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) саммитида учрашишганди.
Мазкур учрашув дастурига кўра икки давлат раҳбарлари бир ярим соат яккама-якка суҳбатлашиши ва сўнгра кенгайтирилган таркибдаги Россия-Америка музокаралари ўтказилиши лозим эди. Ўзаро мулоқотдан олдин Россия ва АҚШ президентлари қисқа салом-алик қилишди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришмади.
Путин ва Трампнинг яккама-якка учрашуви 55 дақиқа кеч бошланди ва 2 соату 10 дақиқа давом этди.
Учрашув баҳоси
Путин саммит якунлари бўйича Трамп билан музокаралар фойдали бўлганини ва ишчан руҳда ўтганлигини қайд этди. «Музокараларни жудаям муваффақиятли ва фойдали деб ҳисоблайман», - деди у.
Россия президентининг сўзларига кўра, Америка раҳбари билан музокаралар Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни яхшилашни ҳар икки томон ҳам хоҳлаётганини кўрсатди. «Бугунги музокаралар бизнинг президент Трамп билан икки томонлама муносабатлардаги салбий вазиятни ўнглаш, илк қадамларни ташлаш, ишончни тиклаш ва аввалги даражадаги ҳамкорликни қайтариш борасидаги истакларимизни акс эттирди», - деди Путин.
Россия президенти Россия ва АҚШ муносабатларидаги қийинчилик ва оғир муҳит объектив сабабларга эга эмаслигини билдирди. «Совуқ уруш» аллақачон тугаган, икки давлатнинг кескин мафкуравий қарама-қаршилиги узоқ ўтмишда қолган, дунёдаги вазият тубдан ўзгарган», - деди Путин. У «бугунги кунда Россия ҳам, АҚШ ҳам буткул бошқача чақириқлар олдида қолгани»ни ва «бунга фақатгина кучларни бирлаштириш орқали қарши тура олиш мумкинлиги»ни таъкидлади.
Трамп ўз навбатида Москва ва Вашингтон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ҳақида гапирар экан, «юзага келган вазият учун жавобгарлик» ҳар икки томон зиммасида эканлигини қайд этди.
«АҚШ ўзини аҳмоқона тутди. Биз Россия билан мулоқотни аллақачон, мен ҳокимиятга келмасимдан аввал бошлашимиз керак эди», - деди Америка етакчиси.
«Мен бунга ҳаммамиз айбдормиз деб ҳисоблайман. Ва ҳозирда АҚШ Россия билан биргаликда муносабатларни тикламоқда. Бизда ҳамкорлик қилиш ва энг муҳим масала - ядровий қурол тарқалишини тўхтатиш устида ишлаш имконияти мавжуд», - деди АҚШ президенти.

















