Ишхонада ухлаш фикри ҳозирда салбий муносабат уйғотмай қўйди. Тобора кўплаб компаниялар ходимларга ишхонада ухлашга рухсат беришяпти. Бунинг учун махсус хоналар ажратилмоқда ёки бошқа ҳолатларда махсус капсулалар ўрнатишяпти. Бундай ёндашув ходимларнинг самарадорлигини ошириши мумкин,дея ҳисобланмоқда.

АҚШдаги касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш Марказлари маълумотларига кўра, америкаликларнинг учдан бири бир кунда етти соат ухламайдилар.  Бу эса саломатликдаги бир неча муаммо ва ишдаги хатоларга олиб келади. Уйқунинг етишмаслиги АҚШга 411 миллиард АҚШ долларига тушмоқда, бу эса самарасиз уйқу сабаб йўқотилган 1,23 миллион иш кунига тенг.

Google’га ўхшаган компаниялар мана деярли ўн йилдирки ходимларга уйқу учун хоналар яратган, бироқ кўпчилик бу афзалликдан фойдаланмайди. Баъзи корпоратив маданиятларда ёмон уйқу – мақтаниш учун сабаб.

“Одамлар ўзининг тўйиб ухламаслиги билан фахрланади. Қатъият билан ишлаётган ходимлар олдида ухлашни тасаввур этиш мушкул. Бу фикр ҳурматга сазовор бўлмайди”, - дейди Ирвайндаги Калифорния университети когнитивистика профессори ва кундузги уйқунинг афзалликлари тўғрисидаги китоблар муаллифи Сара Медник.

Бироқ сўнгги йигирма йилда корпоратив маданият аста-секин ўзгарди. Eastlake Studio архитектура компанияси дам олиш учун сокин хоналарни лойиҳалаштиришга талаб ўсаётганини  айтган. 

“Компаниялар одамлар қувват оладиган жойни излашяпти холос. Шовқиндан холи бўлиш ва кундузги уйқуни ўз ходимларига таклиф этишмоқчи”, - дея тушунтирди Eastlake асосчиси Том Зуровски.

Шунга қарамай, офисдаги уйқу амалиёти ҳали ҳамма барча томонидан қабул этилмаяпти. Одамлар ҳамкасбларидан яширинча мизғиб олиш учун қизиқ усулларни ўйлаб топмоқдалар. Масалан, машинада, боғдаги ўриндиқда, кутубхона ёки қаҳвахонада.

Сайёранинг бошқа қисмларида кундузги уйқуга бошқача муносабат мавжуд. Хитойдаги Миллий уйқу жамғармаси маълумотларига кўра, тушликдан сўнг ходимлар иш столида уйқуга кетишади.

Шунга қарамай, офисларда кундузги уйқу учун жойга талаб мавжуд ва баъзи ишлаб чиқарувчилар бунинг учун махсус капсулаларни ўйлаб топишди.